Get Mystery Box with random crypto!

Атеист ва исломофобларга қарши курашишнинг бирдан бир ва энг с | Havola band qilingan

Атеист ва исломофобларга қарши курашишнинг бирдан бир ва энг самарали йўли - бу мусулмонларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда фикрлаш ва ақлий уфқларини кенгайтиришдир.

Уларнинг услуби ва танлаган йўли, (гарчи бунга терс хатти-ҳаракатлар қилиб туришса ҳам) - ақл, рационаллик. Шу ўринда улар диндан (яъни эътиқоддан) ақлни устун санайдилар. Билмайдиларки, инсон бир қуш бўлса эътиқод (faith) ва ақл (reason) унинг икки қаноти ҳисобланади. Мувозанат йўқолган жойда индивидуал таназзул бошланади. Бу таназзул охир-оқибат ижтимоий (social) таназзулга йўл бўшатади. Яна бир адашувдаги жиҳатлар шуки, уларда эътиқоднинг бир даражаси бор, аммо у инсоний - материалистик мафкураларга асосланган. Худди шу нарса билан улар мусулмондан (ғайбга эътиқод қилувчи) ўзларининг табиий, материалистик оламга ҳам эътиқод қўйганлари билан фарқланиб туришади. Бу эътиқоднинг тарихи барчага маълум бўлганидек Европадаги 12 асрдан токи 18-19 асрларгача давом этган умумий уйғониш даври (Ренессанс, Маърифат даври, Реформация жараёнлари, Диннинг давлатдан ажратилиши) га бориб тақалади. Мавзудан четлашиб кетмаслик мақсадида бунга чуқур кирмайман.

Айни вақтда ислом ва мусулмонларга қарата қилинаётган таҳдид ва ҳужумлар тўхтамаяпти. Ўзини юксак ақл-идрокли, либерал-секуляризм вакили, илмли деб ҳисоблайдиган кишилар кенг кўламдаги танқид ва ҳужумларни бошлаб юборган. Ҳар доимгидек ва мен постнинг бошида баён этганимдек, улар мусулмонларни яна ўша мантиқсизлик, ақлсизлик, дунёвий билимсизликда айблашда бардавом бўлишмоқда. Аслида шундайми? Саволга қисқа қилиб жавоб бериш имконсиз. Ҳақиқатни айтганда, бу камчилик нафақат мусулмонларни балки ўзини юксак ақл-идрок соҳиби деб кўраётганларда ҳам учрайди. Буни сўнги вақтлардаги баҳслар орқали ҳам аниқ-тиниқ билиб олиш мумкин.

Сўзни қисқа қилиб айтаман, уларга қарши курашиш учун эмас, балки Ислом буюрган бурч ўлароқ илм олишда бардавом бўлайлик. Тафаккуримиз ва дунёқарашимиз чегараси ва ақлий салоҳиятимизни оширайлик. Жамиятда ўзаро тушуниш ва ижтимоий барқарорлик таъминоти - бизнинг қўлимизда. Бу миллат - мусулмонлар миллати. Миллатнинг ривожи бизнинг бурчимиз, вазифамиздир.

Мухаммад Довуд тайёрлади

Muslim Mind – ақл юритадиганлар учун!