Get Mystery Box with random crypto!

Дежавю: 'миллий рўмол'ни орқадан ўраш мумкин Халқ таълими ва | Musannif Adham

Дежавю: "миллий рўмол"ни орқадан ўраш мумкин

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бугун брифинг ўтказиб, "Янги ўқув йили, 2022 йил сентябр ойидан бошлаб ота-оналар ягона формани харид қилишига мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди", деб баёнот берди.

Бундан ташқари, вазир "миллий қадриятлардан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келиши ман этилмаслиги"ни ҳам айтди.

Бу хабар кўплаб ота-оналарни хурсанд қилиб, ижтимоий тармоқларда "Мана, бўлар экан-ку! Мактаб формаси талабларидан норозилигимизнинг кичик ғалабаси бу!" – деб ёзишганини кўрдим.

Бироқ мен бу одатдаги иллюзия – халқни асл ҳолатдан чалғитиб, вақтинча алдаб туриш тадбири, деб биламан.

Нега? – Чунки ўша машъум, 2018 йил 15 августда қабул қилинган, Вазирлар Маҳкамасининг Конституция ва қонунларга зид 666-қарори бекор қилинмас экан, "суғур куни"ни яшайверамиз (бир кераксиз масаланинг атрофида мунтазам ўралашиб юришдан бўшамаймиз).

Эсланг, ўтган йили айни мактаб мавсуми бошланганида Халқ таълими вазири (собиқ!) Шерзод Шерматов худди шундай брифинг ўтказиб, "... Янги ўқув йилида янгилик қилмоқчимиз. Кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, миллий қадриятларимизни инобатга олган ҳолда, қизларимиз учун истисно тариқасида мактабда оқ ва очиқ рангларда миллий рўмол (бошнинг орқа томонига ўралган ҳолатда) ва дўппида бўлишларига рухсат этилади", деганди.

Шунга мувофиқ, ўтган ўқув йилида мактабга ҳижобда борган қизларга расман муаммо бўлмади. Аммо амалда бир қатор мактабларда директору ўқув ишлари бўйича ўринбосарлар ҳижобли қизларга руҳий тазйиқ ўтказаётгани ҳақидаги хабарлар чиқиб турди.

Кейин-чи?

2022 йил 19 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 271-қарори қабул қилиниб, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида (мактабларда) мажбурий форма жорий қилиниши белгиланди. Мажбурий формада эса рўмолни ҳатто орқадан ҳам ўрашга рухсат йўқ.

Ўзи бу машмаша 2018 йили бошланган, қарорга кўра, мактаб формаси ўша йилдан ихтиёрий, 2019 йилдан эса мажбурий бўлиши белгиланганди. Кейин ўртада айни шу ҳижоб (рўмол) масаласида судлар бўлди, 666-қарордан норозиларни тинчитиб бўлмади. 2019 йил 31 майда Саида Мирзиёева: "Бу йил мактаб формаси мажбурий бўлмайди, олдин бошқа муаммоларни ҳал қилиш керак", деб айтди.

Шундан кейин уч ҳафта ўтиб, 2019 йил 18 июнда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мактаб формаси ўша йил сентябрдан эмас, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мажбурий бўлиши эълон қилинганди.

Кейин юқоридаги воқеалар юз берди: аввал Шерматовнинг баёноти, кейин Вазирлар Маҳкамасининг мажбурий формани 2022 йилдан шошилинч жорий қилиш қарори чиқди (битта қарорни неча марта ўзгартириш мумкин; тутуруқ ҳам йўқ, буларда).

Хуллас, муаммонинг илдизи ўша 666-қарорда. Бу қарор бутунлай бекор қилинмас экан, ҳар йили янги халқ таълими вазири "миллий рўмолни орқадан ўраш мумкинлиги"ни айтаверади, аммо Конституцияда белгилаб қўйилган тамал ҳақ – диний эътиқодни чекловчи ҳижобга қаршилик давом этаверади.

***

Ўтган йил 4 сентябрда айни шу "хурсандчилик" манзарасида ушбу постни ёзгандим. Бугунги кайфиятим ҳам худди шундай: модомики, Конституцияга зид қарорга тупуриш, унга истисно киритиш жоиз экан, унда биратўла тупурилса – ҳижобга ҳам тўлиқ рухсат берилса бўлмайдими?