Get Mystery Box with random crypto!

Яқинда дўстим “манга 2001 йилгача бўлган АҚШ ёқади”, деб қолди | Муҳрим

Яқинда дўстим “манга 2001 йилгача бўлган АҚШ ёқади”, деб қолди (мангаям ёқади ўша Америка). Элдор ака эса “талабалик давримдаги пиёз сомсаларни яхши кўраман”, деб ёзибди (манам яхши кўраман шунақа сомсани). Элдор аканинг бу соғинчларга берган фалсафий изоҳини ўқиб, бир томондан, “яхшиям совет даврида яшамаганмиз”, деб қўйдим — йўқса бизни ҳам “ватник” ҳисоблаб, СССР ностальгиясида айблаган бўлишармиди.

Бошқа томондан, хоҳловчилар, яхшилаб кучаниб шунга куч топа билгувчилар ҳозир ҳам бизни айблаши мумкин — Каримов даври ностальгиясида. Чиндан ҳам, бу айбловда жон бор ахир: бизга ростдан ҳам Каримов давридаги АҚШ, Каримов даврида пиширилган арзон сомсалар ёқади. Бизни, чекига Каримов даврида туғилиб, Каримов даврида вояга етиш тушган авлодни Каримов ностальгиясида айблашган вақти биз ҳам бошлаб қолсак-а: “Каримов даврида Россия гаҳ десак қўлимизда эди: Ельцин ўзини эплолмасди — Каримов етаклаб юрарди уни, Путин-ку Каримовнинг шогирди, ўзи тарбиялаган. Э, Россияси нима, ҳатто Америка биз билан ҳисоблашарди у вақтларда! Американинг президентлари Каримовнинг олдига ўзи келиб, у билан бирга Орол денгизида балиқ тутиб ўтирарди”, деб.

Ҳай, ҳазил бу гаплар (лекин, “тарихчи” Путиннинг эртакларидагидек, қаеридадир ҳақиқатиям бор), “Путин — янгийўллик” режимида шундай алжирайдиган бўлиб қолишдан Худо асрасин. Элдор ака ҳақ — биз болалигимизни соғинамиз, шунинг учун бизга Каримов давридаги АҚШ, Каримов давридаги арзон сомсалар, Каримов давридаги “Сетора”, Каримов давридаги оддий ёпган нонлар ёқади. “Эҳ, эсимда ўша дамлар” деймиз, СССРни эслаганида мазза қиладиган ота-оналаримиз каби. Чуқурроқ ўйласам, масалан, ҳозир “Корзинка”нинг ёпган нонини азбаройи шу дўконни яхши кўрганимдан эмас, балки болалигимда мен учун торт ё пирожнийдан ҳам ширинроқ ва қимматлироқ туюлган нарсани еганимдаги ҳисни соғиниб сотиб оларканман. Оч қолмаганмиз, уйда ҳар доим ширинлик бўлган, лекин... ёпган нон еган куним байрам эди.

Гапирса гап кўп, лекин ўтмишни соғинишдан наф йўқ, камига буёқда иш қолиб кетяпти (ҳа, қоралар шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлайди, ўз хоҳишига кўра, албатта). Хулоса ўрнида, мабодо ёшроқлардан кимдир бизни Каримов даври ностальгиясида айбламоқчи бўлса, айтиб қўяй — ишқилиб, сизлар билан шундай бўлмасину, лекин, об-ҳаво маълумотларига қараганда, ҳали сизларни ҳам айблашади.