Get Mystery Box with random crypto!

Янгиҳаётда 12 ёшли ўқувчи қиз йўқолиб қолиб, сўнг уйи олдидан | Муҳрим

Янгиҳаётда 12 ёшли ўқувчи қиз йўқолиб қолиб, сўнг уйи олдидан мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалган вақтда маълумотлар, ҳар доимгидек, ўлда-жўлда эди. Қўлга олинган гумонланувчи ҳақида билганимиз — у ёзда марҳума яшаган уйда мардикорлик қилгани эди. Бор-йўқ тафсилот шу. Бошида аксарият муносабатлар ҳам шу икки қатор ахборотга таяниб билдирилди.

Бир гуруҳ фаоллар масъулиятни ота-оналар зиммасига юклади — ота-оналар болаларини кўпроқ назорат қилиши кераклиги, иложи бўлса, мактабга ҳам ўзи олиб бориб, ўзи олиб қайтиши зарурлиги ҳақида гапирди. Бошқа бир гуруҳ эса болаларнинг ўзига бегоналар билан иложи борича мулоқот қилмасликни ўргатиш, бегоналар билан ҳеч қаерга бормасликни тушунтириш кераклигини айтди.

Қизнинг онаси ва бувисидан олинган интервьюни кўрган ё ўқигандирсиз. Ҳа, бу фақат битта, бўлганда ҳам жабрланувчи томоннинг гаплари. Лекин унда юқоридаги муносабатларнинг кўпини рад этадиган тафсилотлар бор: қиз одобли, кунни кўчада кеч қолмайди, шу қадарки, мактабдан қайтиши ярим соатга кечикса ҳам сезилади, чунки у кечикмайди, сабаби — доимий назоратда (ота-она фақат бир ишни — 12 ёшли қизини мактабга ўзи олиб бориб, ўзи олиб қайтмаган, холос).

Гумонланувчи қиз яшайдиган уйда шунчаки мардикорлик қилмаган — у амалда қиз яшаган хонадоннинг неча ўн йиллик қўшниси бўлган. Қиз уни аввалдан билган, таниган, бегона эмас. Камига, қизни қидириш вақтида гумонланувчи жабрланувчиларнинг уйига қўшни сифатида бемалол кириб, қидирувни қаерда олиб бориш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берган (қидирувда ўзи ҳам қатнашган; салкам Чикатило воқеаси).

Яъни, одобли, эс-ҳушли, доимий назоратдаги бола ўзи таниган, унинг уйига кириб-чиқиб юрган одам томонидан зўрлаб, ўлдирилмоқда. Ўзбекистонда шунга ўхшаш даҳшатли воқеалар аввал ҳам бўлган, эҳтимол, ҳозир, айни дамда ҳам бўлаётгандир. Бу “Бегоналардан эҳтиёт бўлинг” деган ҳикоя эмас. Бу бошқача, мураккаброқ, болаларга ҳам тушунтириш қийинроқ нарса. Даҳшатлиси, бундай ҳолатларда қўшнининг ўрнида болаларнинг ўз қариндошлари, яқин қариндошлари ҳам бўлиши мумкин.

Қизнинг онаси “неча қамалиб, амнистияларга тушиб чиққан” гумонланувчи унинг қизини ўлдираётган вақтда маҳалла милицияси дарҳол қидирувни бошлаш ўрнига “қанақа оиласизлар?” деб қоғоз тўлдириб ўтирганидан нолиган. Қиз йўқолиб қолган кўчанинг бошида видеокамера бўлса, у мунтазам ишласа, ундаги ёзувларни идорада кўриш мумкин бўлса эди, эҳтимол, қизни ярим тунга қадар излашмас, эҳтимол, унинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳам мумкин бўларди. Лекин бу масала биргина камера ўрнатиш билан ечилмайди.