Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги “Газпром” билан нимадир имзола | Муҳрим

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги “Газпром” билан нимадир имзолагани маълум бўлганига бир сутка бўляпти, Худо хоҳласа, лекин вазирлик томонидан ҳам, ҳокимият ё ҳукумат номидан гапириш ваколатига эга бўлган бошқа бирор расмий идора/шахс томонидан ҳам имзоланган нарсанинг бирор тафсилоти ошкор қилингани йўқ. Бу - айнан мавҳумлик ортидан ижтимоий тармоқларда “мустақиллигимиз кетди”, “яна Россияга қулмиз” дегандек хавотирли чиқишлар бўлаётган бир вақтда - “ортга қайтмас” дея эълон қилинган баландпарвоз очиқлик-ошкоралигимизга бир муносабат.

Кечадан бери ихтиёримизда қандай маълумот бор? Биринчиси, “Юксалиш” ҳаракати етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродовнинг “йўл харитаси томонларга ҳеч қандай мажбурият юкламайди, ҳуқуқий оқибат туғдирмайди” деган гўёки тинчлантирувчи гапи (муаммо шундаки, ҳеч қандай йўл хариталарисиз ҳам катта-катта оқибатлар келиб чиққанини кўп бора кўрдик сўнгги йилларда).

Иккинчиси, ҳокимият ё ҳукуматда манбалари бор Каинбек берган “айтишларича”: “Йўл харитасида бозор нархларида газ харид қилиш масаласи ўрин олган. Бошқа ҳеч қандай масала йўқ, у ёки бу объектни, дейлик, газ қувурларини ишончли бошқарувга бериш ҳақида гап/сўз йўқ”. Афтидан, бу гапга манбаларнинг ўзи ҳам ишонмаса керак, шу боис Каинбек ҳам бу “айтишларича”ни Давлетовузга эмас, кичик каналида чиқарган, тинчгина.

Хуллас, қудратимизга шубҳа қилсанг, бошимизни қумга тиқиб олишимизга боқ.