Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистон ва “Газпром” нима ҳақида келишиб олди? Бугун Энерг | Муҳрим

Ўзбекистон ва “Газпром” нима ҳақида келишиб олди?

Бугун Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ва Россиянинг “Газпром” компанияси раҳбари Алексей Миллер газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолади. Орқа фондаги суратга қараганда, имзолаш Санкт-Петербургда бўлиб ўтган, ўтган ҳафтада Қозоғистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр ҳам худди шундай ҳужжат имзолаган.

Шартнома тафсилотлари ошкор қилинмаяпти, Газпром ва бизнинг Энергетика вазирлигига сўров ҳозирча жавобсиз қолди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Gazeta.uz” “уч томонлама иттифоқ” бўйича музокаралар доирасида Россия Россиядан ишлаб чиқарилган газни Қозоғистон орқали “Марказий Осиё – Марказ” қувури орқали етказиб беришни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эдик. Россиянинг асосий шарти Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қийматида “Газпром”га ўтказиш эди. Худди шундай талаб “Қозоқгаз” миллий компанияси томонидан ҳам илгари сурилган, лекин улар бундай шартларга рози бўлмаган.

Россия томони илгари сурган иккинчи шарт – Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқидан воз кечиш эди. Яъни, “Газпром” Ўзбекистоннинг UzGasTrade компанияси ўрнига шартнома тарафи бўлишни таклиф қилган.

Манбаларнинг хабар беришича, декабрь ойидаги икки томонлама музокаралар натижасида Россия томони қўйган шартларни олиб ташланган.

Энди "йўл харитаси”га келсак. Менга маълум бўлишича (норасмий манба, шунга тахмин сифатида ёзаман), Ўзбекистон “Ўзтрансгаз” (магистрал қувурлар орқали газ транспортировка қилада) ва “Худудгазтаъминот” (маиший истеъмолчилар, аҳолини газ билан таъминлайди) газ транспорти тизимини ишончли бошқарувга беришга рози бўлиши мумкин. Тахминларга кўра, компаниялар бирлаштирилиши ва "Газпром" ёки унинг шоъба корхонаси бошқарувига ўтказилиши мумкин.

Афсуски, Ўзбекистонда ишончли бошқарув бўйича биронта ҳам лойиҳа ўзини оқламади, шунинг учун SFI Management Group (Алишер Усмоновнинг сўзларига кўра, миллиардер Шодиев оиласига тегишли) кетишга мажбур бўлди.

Энг сўнгги мисоллардан бири - Ангрен ИEС уч йил давомида миллиардлаб зарарга кирган.

Қолаверса, мамлакатимизда ҳамон қонунчилик базаси, бу соҳани тартибга солувчи бирорта ҳам расмий ва очиқ ҳужжат мавжуд эмас.

Умид қиламанки, бу Ўзбекистон имзолаган кўплаб меморандумлар сингари қоғоздаги “йўл харитаси” бўлиб қолади. Агар бунга қадар номақбул сиёсий қарорлар туфайли миллиардлаб зарарлар кўрилган бўлса, эндиликда “Газпром” Ўзбекистоннинг газ транспорти тизимини бошқарувга олса, унда мамлакатнинг энергетик мустақиллигини, умуман, давлат суверенитети хавф остида бўлиши мумкин.

Ҳокимият “тижорат сири” ва бошқа баҳоналарга ҳавола қилмасдан, ҳужжат тафсилотлари ҳақида очиқ эълон қилиши керак.

@latipovuzb