Get Mystery Box with random crypto!

Самарқанддаги болалар шифохонасида Ҳиндистонда чиққан Док-1МАК | Муҳрим

Самарқанддаги болалар шифохонасида Ҳиндистонда чиққан Док-1МАКС деган дорини ичиб, вафот этган болалар сони 15 нафар эмас, 18 нафар экан (яхшиям омбудсман бор экан, йўқса, менимча, қурбонлар кўпроқ экани ҳеч қачон айтилмасди); ҳаммаси ҳам Самарқанддан эмас, ён-атроф вилоятлардан бўлганлари ҳам. Болалар омбудсманининг аниқлашича, вафот этган болаларнинг бари 6 ёшдан кичик, 15 нафари эса 3 ёшгача бўлган болалар (даҳшат!). Қўшимча қилинишича, “Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳар бир ўлим ҳолати бўйича суриштирув-тергов олиб бормоқда”.

Болалар омбудсмани бу мавзуни эслатгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам тилга кирди: шу ўлимлар сабабли 7 киши ишдан олинибди (ким улар, қаерда ишлайди, бу воқеаларга қанчалик алоқадор, айби нима – айтилмаган), тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилибди. Тушунишимча, икки ой ичида 18 бола бир доридан заҳарланиб ўлганига қарамай, ҳали ҳам бирор жиноят иши қўзғатилмаган.

Дарвоқе, “заҳарланиш” деган жойи бўйича – ССВнинг маълум қилишича, “олиб борилган дастлабки ўрганишлар дорининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатган. Ушбу модда заҳарли”. Мана шу жойига тушунмадим очиғи – дорининг ушбу серияси таркибида шунақа заҳарли модда борлиги қачон аниқланиши керак эди?

Мингта қонун, ҳужжат, ҳар турли санпинлар чиқариб ташлагансизлар-ку, ўшаларда ёзилган тартиб-қоида бўйича “дорининг ушбу серияси таркибида” заҳарли модда борлиги қачон аниқланиши керак эди? Дорини Ўзбекистонга олиб кириш вақтидами? Шундай дорини ичиб, аҳволи ёмонлашган биринчи боланинг ўлимидан кейинми? Бешинчи ўлимдан кейинми? 10-ўлимдан кейинми? 15-ўлимдан кейинми? Қачон?

Дорининг “ушбу серияси таркибида” шундай заҳарли модда борлиги нега 18 бола ўлгунича аниқланмаган? Ким жавоб бериши керак бунга? Шуни аниқлашга масъул бўлган масъул ким? Шу масъулнинг устидаги масъул ким? Сизлар ҳам одаммисизлар? Қанақа одамсизлар?

Одам дегани сал-пал қўрқади. Қўрқиши керак, ҳар ҳолда. Булар қўрқмайди. Ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайди. Менимча.