2022-09-04 08:57:41
ОТА ВА ЎҒИЛ
Поездда келарди ота ва ўғил,
Ўғил ҳайратланиб боқарди кўкка.
Манзарани кўриб атрофда ҳар хил.
Отасига боқиб қисарди елка.
Тинмай кулар эди яширмай ҳечам,
Отасин саволга кўмиб ташларди.
Атрофдан одамлар қараб дам бадам.
Айримлар тавба деб ёқа тишларди.
Кимдир жинни дерди қилиқларидан,
Кимдир ачинарди ақли заиф деб.
Рақсга тушарди болакай бирдан.
Отаси кетарди оққандай эриб.
Гоҳида йиғларди билдирмай секин,
Пичирлаб қўярди шукрона айтиб.
Ўғлига жим болам демасди лекин,
Ўргатмаган дерди кўпчилик тартиб.
Оддий нарсаларни номин сўрарди,
Эринмай айтарди ота ҳам обдон.
Бу ўшами дея хурсанд бўларди.
Айрим олифталар дер эди нодон.
Ёнига бир одам келди отанинг,
Ўғлингизга айтинг тинчлансин бироз.
Таъсирлироқ қилиб бирор нима динг,
Кўпчиликдан тушди бундай эътироз.
Ота сал ўзини олдида қўлга,
Ҳаммадан эгилиб узр сўради.
Эсимдан чиқибди, чиққаним йўлга,
Шунга сизлар билан ишим бўлмади.
Бундан ўн саккиз йил олдин бу болам,
Кўзлари кўрмасди туғма ногирон.
Бутунлай бегона эди бу олам,
Лекин умид қилдик Худодан ҳар он.
Бугун биринчи бор кўрмоқда кўзи,
Врачнинг олдидан қайтяпмиз ҳозир.
Бундайин шўх эмас аслида ўзи,
Ҳалақит берибмиз сизларга узр.
АЗАЛБЕГИМ
Telegram | YouTube | RuTube | instagram | facebook | TikTok
3.3K views05:57