Get Mystery Box with random crypto!

Ўйлаб кўриш керак бўлган нарсалар ҳақида ўйлаб кўриш керак Ба | SARDOR NUR

Ўйлаб кўриш керак бўлган нарсалар ҳақида ўйлаб кўриш керак

Барчамизга маълумки, узоқ йиллар давомида мусаффо осмон остидаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириш жараёнида турли хил қинғир ишлар қилиб келинди. Мисол учун, кимдир ўқишга пора билан кирди, кимдир телефон олиб кириб эплади, яна кимдир шпора билан шақиллатиб чиқди. Хуллас, абитуриент ўқишга кириш учун ҳар қандай "қора иш"ни қилиб кўрди ва уддасидан чиқди ҳам. Шундай бўлса-да, ўшалар ўзларининг *олбоёблигини ичидан ҳис қилса керак.

Биз эса уларга қарши "кучимиз борича" курашдик, лекин барибир еплай олмадик. Улар ҳар сафар биздан ақлли бўлиб чиқаверди. Кейин нима қилдик? Ўқишга киришдаги порахўрликни легаллаштириш орқали ушбу муаммога ечим топдик. Яъни супер-контрактни жорий қилдик. Бундан ҳамма ҳурсанд бўлди. Тўғри, тан олишимиз керак, супер-контракт туфайли ўқишга киришдаги порахўрликни анча йўқота олдик. Супер-контрактдан миллиардлаб пуллар ОТМларнинг ҳисоб рақамларига тушмоқда. Бу яхши, албатта. Мазкур пуллар орқали ОТМлар ҳам ўзларининг молиявий шароитларини анча яхшилаб оляпти.

Мени еса масаланинг иккинчи томони ўйлантиради. Мен ҳозир 4 баллгача етмаганлар ҳақида гапирмаяпман. Асосий ракурс суппер-мупперларга қаратилган. Айтмоқчиманки, 15-40 минг АҚШ долларига фарзандини супер-контрактга кирдириб қўйган ота-она эртага шу фарзандини ишга ҳам "супер йўллар" орқали кирдириб қўймаслигига ким кафолат бера олади? Ҳеч ким! Ишонаверинг, шундай бўлади! Боримиз-шу. Бу тарафда қийналиб ўқишга кирган ва ўқишни тугатган "оддий талаба" яна кўчада қолиб кетади, чунки унинг ўрни "супер-контракт"га кирган ва "супер ишлар" қилишга қодир бўлган "олий маълумотли" диплом эгаси томонидан давно банд қилинган. Биз порахўрликни йўқотиш фонида кадрлар тайёрлаш масаласини бадтар ботқоққа ботирдик, кадрлар тайёрлаш масаласи эса биз томонимиздан ютқизиб бўлинган мавзудир. Таълимдаги хатолар бирдан ўз кучини кўрсатмайди. Бунга йиллар керак. Супер-контракт эффекти куни келиб ўз сўзини айтади барибир. Лекин у пайтда кеч бўлади. Ҳар қандай кўринишдаги пул аралашган таълим мен учун таълим эмас.

Тўғри, сиз ҳақсиз. Олий таълимдаги муаммолар фақатгина супер-контракт билан боғлиқ жараён эмас. Бугунча мен муаммонинг шу тарафини гапиряпман, холос.

Ўқишга киришдаги порахўрликни йўқотиш учун жорий қилинган супер-контракт бугунги кунгача муаммонинг ягона ечими бўлиб қоляпти. Биз порахўрликни бошқа йўл билан йўқота олмадик. Умид қиламанки, яқин келажакда супер-контрактдан ҳам самаралироқ усул топилади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, мен мега-пега-суппер-муппер контрактга абсолютно қаршиман.

*Юқоридагиларнинг барчаси ўзимнинг субъектив қарашларимдир. Балки фикрларим умуман нотўғридир, адашаётгандирман. Лекин ҳар бир нарсада ҳақиқат мужассам.

*Супер-контрактчилар, бу постдан кейин жаҳлингиз чиқиши тайин. Тинчланинг. Китобингизни ўқинг. Сизга шундан фойда кўпроқ.

Кейинроқ бу мавзу бўйича батафсил ёзаман.

*Печкага таппини ташланг, ўчиб қолмасин.

Раунд!

@SVRDORNUR