Get Mystery Box with random crypto!

Жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берадиган ҳар бир воқеа | SARDOR NUR

Жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берадиган ҳар бир воқеа-ҳодисага субъектив фикр билдиришда бироз шошмаслик, сукут сақлаш лозим. Чунки содир бўладиган ижтимоий воқеликда кимнинг ҳақлиги, кимнинг ноҳақлигини дарров билиб бўлмайди, айниқча интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали оммага намойиш қилинадиган ҳолатларда. Ўша воқеликка нисбатан билдириладиган ҳар қандай турдаги фикр ўзининг далиллантирилган асосига эга бўлмоғи даркор, далилсиз билдириладиган фикр ҳақиқат ҳам, афсона ҳам бўла олмайди. Агар фикр далилга асосланмаган бўлса, мазкур фикр ташқарига чиқарилмасдан туғилган жойида қайта чиригани афзалроқ. Хайпга берилиб фикр билдирилса, орадан бироз вақт ўтганидан кейин ташқарига чиқарилган мазкур фикр хайпчи учун минусга ишлаши муқаррар. Тўғри айтасиз, аслида ҳақиқат нисбий тушунча, у олдин ҳам мавжуд бўлмаган, бундан сўнг ҳам мавжуд бўлмайди. Шунинг учун ҳар нарсадан ҳақиқат изламанг, сабаби бу фоний дунёда мавжуд бўлмаган нарсани асло топа олмайсиз. Агар фикрлар инсон қалбига сиғмайдиган даражада тўлиб-тошиб кетса, кенг жамоатчиликка тезкорлик билан билдирилмасдан, 12 бетлик дафтар варағига ёзиб қўйилгани тўғрироқдир. Фикр биринчи ҳиссиёт билан билдирилмасиги даркор.
Бу билан сўз эркинлигига даҳл қилмоқчи эмасман. Шунчаки, ҳақиқатни кўп ҳам излайверманг, барибир топа олмайсиз, билдирадиган фикрингиз эса бир рублга ҳам қимматлик қилади. Жуда бўлмай кетса, боя айтганимдек фикрларингизни дафтарга тинимсиз ёзиб боринг, мана шу иш сиз учун фойдалироқ, чем уни оммага ошкор қилгандан кўра. Кўп ёзиш инсоннинг фикрлаш қобилиятини яна-да оширади.

Фикрлар дафтарга ёзилмасдан тўғридан-тўғри омма онгига сингдириладиган вақт ҳам келади ҳали. Сиздан эса бироз сабр қилиш талаб қилинади холос.

Шошқалоқлик оммавий муаммо эмас, муаммо аслида оммадир.

P.S.1. Кўп вазиятлада ҳақиқатни гапирмасликнинг ўзи асл ҳақиқат бўлиши мумкин.

P.S.2. Юқоридаги фикрлар тўрт кун давомидаги ўйланиш натижасида шаклланди.

@SVRDORNUR