Get Mystery Box with random crypto!

Яна бир “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчисига янги уй-жой калити | Фарғона вилояти ҳокимлиги

Яна бир “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчисига янги уй-жой калити топширилди: 2021 йилда Фарғонада етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 29 нафар болага квартиралар ажратилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августда қабул қилинган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 7 январь куни Марғилон шаҳар 1-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси Мўминжон Шерматовга Фарғона шаҳри ҳудудидан тақдим этилган 1 хонали квартира калити топширилди. Ушбу квартира вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 134 миллион 700 минг сўм маблағ эвазига харид қилинди.

Тадбирда Марғилон шаҳар ҳокимлиги, Миллий гвардиянинг вилоят бўйича бошқармаси масъуллари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этдилар.

Ҳозирда Қуролли Кучлар Академияси 4-босқич талабаси бўлган Мўминжон Шерматов эътибор ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.

Юқоридаги қарор ижроси доирасида 2021 йилда вилоятимиз бўйича жами 29 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага уй-жойлар ажратилди.