Get Mystery Box with random crypto!

Сақич ва конвертация Кечаги интервьюни кўрганларда жуда содда | Fikrlar chorrahasi⚡️

Сақич ва конвертация

Кечаги интервьюни кўрганларда жуда содда ва умумий тасаввур пайдо бўлиши мумкин: Каримов 1996 йилда сақич импортини чеклаш учун конвертацияни ёпган.

Лекин аслида бунга етаклаган омилларни санаб ўтмаса бўлмайди. Бусиз картина тўлмайди.

1996 йилда олтин нархини кескин пасайиши ва бу тренднинг 2000 йиллар бошигача давом этиши. 1991-1995 йилларда унцияси 350-400 доллар атрофида бўлган олтин 1996 йилдан токи 2002 йилгача 300 доллардан юқорига кўтарилмаган. Минимумларда 220 долларгача пасайган.

Ўша даврда иккинчи экспорт товаримиз пахта бўлган. 90- йиллар бошида тоннаси 1200-1500 доллар атрофида бўлган пахта толаси нархи 1995 йил мавсумидан кескин кескин пасайиб борган ва 2000 йиллар бошигача 700-900 доллардан ошмаган. Бунинг устига кетма-кет икки йил пахта ҳосили бўлмаган.

Газ. 90- йиллар, айниқса иттифоқ парчалангандан сўнг нефть нархининг 15-20 доллар атрофида жуда паст котировкалари сақланган. Нархи нефть билан боғланган газ шу тенденцияни такрорлаган 1995-2000 йиллар ўзи паст бўлган нефть котировкалари минимумда 7-10 долларгача пасайган.

Ҳозир ҳеч ким эслашни истамайди. 1996 йилда Толибон Қобулни эгаллаган.
Қурилиш кранида осилган собиқ президент Нажибулло эсингиздами? 1996 йил сентябрида Толибон Ўзбекистон чегараларига етиб келган. Ўша пайтда улар навбатдаги марра Самарқанд ва Бухоро эканини яшириб ўтиришмаган. Каримовнинг бизга қурол, ҳарбий аслаҳа беринг, ўзимизни ҳимоя қилишга кучимиз етади деган баёнотлари эсингиздадир.

Учта асосий экспорт товаримиз нархлари 40-50% пасайиши фонида ва янги мустақил давлат учун ҳаддан ташқари оғир юк бўладиган ҳарбий қуролланиш зарурияти валюта захираларини бир неча ой давомида камайиб кетишини ва тугаб битишини муқаррар қилиб қўйган шароитда нима қилмоқ керак эди?

Ҳар қандай қарор ёмон қарор бўлган. Масалан:

Биринчи ёмон қарор: Курсни қўйвориш, балки 2-3 баробаргача, токи ўз тубини топгунча, бу ҳолда эндигина тикланаётган саноат, янгитдан пайдо бўлаётган тармоқлар тугаб битарди. Силласи қуриган аҳолининг турмуш даражаси янада ёмонлашарди. Барча сиёсий оқибатлари билан.

Иккинчи ёмон қарор: Курсни сунъий равишда ушлаш ва импортга чекловлар яратиш. Бунинг барча ёмон оқибатларини қабул қилиш. Асосий экспорт товарлари нархини тикланишини кутиш. Узоқ муддатли депрессив изоляция ҳолатга мослашиш.

Афсуски, буни деярли барча - Каримовнинг дўстлари ҳам, душманлари ҳам тан олади, икки ёмон қарордан энг ёмони танланган.

Биз худди 90- йиллардаги каби ҳалиям нархлари кескин ўзгариб турадиган бир неча экспорт товарига боғлиқмиз. Ташқи қарзимиз муттасил ортиб бормоқда. Кризис ва қалтис дамларга дуч келсак, истаймизми ё йўқми, барибир шундай қарорлар олдида рўпара бўламиз.

Тош отишдан, ҳаммасига ўзи ҳозир келиб жавоб бера олмайдиган одамни айбдор қилишдан осони йўқ. Келажакка юз тутганлар шу хатоларни қайтармасликлари лозим.

Майли, Каримов қайтмас бўлиб кетди, ўзи ва қолганларнинг масъулиятини елкасига ортиб.
У хато қилган бўлса, биз қилмайлик.

@the_bankiroff