Get Mystery Box with random crypto!

'Қасос порно' Ушбу иборани кеча ВВС журналисти Ибрат Сафонинг | Файзбоғ (ТемурМалик)

"Қасос порно"

Ушбу иборани кеча ВВС журналисти Ибрат Сафонинг мақоласида ўқидим. Журналист турли давлатларда интим видеоси тарқалиши ортидан аёлларнинг ҳаётида рўй берган ўзгаришлар ҳақида ёзаркан (ўз жонига қасд қилишдан тортиб машҳурликдан фойда кўришгача), қатор мамлакатлар қонунчилигида бировларнинг интим видеосини тарқатиш жиноят саналиб, жиддий жавобгарлик белгиланганини қайд этади.

Бировнинг интим видеосини тарқатиш - ростан ҳам жиноят ҳисобланаши керак. Бизда негадир интим видеолар тўғрисида баҳс очилганда видео қаҳрамонини оқлаш ё қоралаш атрофида юраверамиз, баҳслар консерватизм ва либерализм майдонларида кечади. "Тўғри, видеонинг тарқалганини оқламайман, лекин..." деб бошлаб қолишади, гўёки бу унчалик муҳим эмасдек, иккиламчи бир масаладек. Ақллироқлар "иккинчи томонни ҳам эшитиш керак" деб қолиши мумкин, лекин ундан нарига ўтилмайди. Депутат аёл воқеасида ҳам, "замдекан иши"да ҳам шундай бўлди. Аслида видеода нима акс этгани - хусусий ҳолат, бир нечта одамгагина таъсир қилувчи иш (ҳатто у ерда ноқонуний иш акс этган тақдирда ҳам, бир гуноҳга бир жазо), унинг тарқатилиши эса тарғибот, ўч олиш, шантаж, манипуляция ва ҳоказо кенгроқ миқёсли муаммога айланади. Бу худди жамиятни иллат билан зарарлаш, уни кенгроқ ёйиш, бу ўпқонга ҳаммани тортиш орқали таназзулни кучайтириш дегани.

Тасаввур қилинг ахборот уруши даврида бу усул оммалашса, интернетни шунақа видеолар босишини... Ҳамма бир-бирдан ўч олиш учун белдан паст видеоларни чиқараверса, жамият шуни муҳокама қилиб, бўлиниб юраверса, қаҳрамонга боғлиқ қанчадир бегонуҳларнинг ҳаёти бузилаверса... Муҳит қандай носоғлом, жирканч бўлади, тубанлик ва таназзул нақадар ёйилади. Зиддият ва низолар қанчалик кўпаяди. Самосуд кўпаяди. Ахборот майдони нақадар ифлосланади. Одамлар ижтимоий тармоқдан безади. Бир-биридан безади. Ҳамма шкафидаги скелетини олиб чиқиши мумкин, бу билан гуноҳлар камаймайди-ку. Қиёмат бўлмайдими? Бундан кимга фойда?

Бировнинг интим видеосини тарқатиш жиноят саналиши керак!!! Одамларнинг бу дунё ҳақида, келажак тўғрисида, бир-бири ҳақида, умуман башар ҳақида тоза тасаввурлар билан яшаш ҳуқуқи бор.

Манба

@fayzboguz