Get Mystery Box with random crypto!

Тошкентнинг “Дархон”идаги ҳокимият идоралари ва тадбиркорларни | ELTUZ

Тошкентнинг “Дархон”идаги ҳокимият идоралари ва тадбиркорларни зир титратган “Офис” ҳақида эълон қилинган Элтуз суриштирувида номи тилга олинган журналист, Ютюбдаги “Негатив” канали муаллифи Улуғбек Ашур 28 апрель куни “раддия” билан чиқди.

Ушбу “раддия” Элтуз учун кутилмаган бўлгани йўқ.

Чунки “раддия”нинг формати, унинг қандай кўринишда бўлиши ҳақида Улуғбек Ашурнинг ўзи Элтуз Бош муҳаррири Қудрат Бобожон билан бир неча бор мулоқот қилди.

Аввал Элтуз суриштируви асносида туғилган саволларга жавоб бериш, очиқ суҳбат олиб боришга рози бўлди, кейинроқ бу қарорини ўзгартириб, видеобаёнот ёзиб беришни таклиф қилди. Элтуз бу форматга рози бўлгани йўқ.

Аммо “раддия”нинг Элтуз учун кутилмаган жиҳати ҳам бор.

Бу – унда Элтузга қарши жиддий иддаонинг илгари сурилгани. Ашурнинг сўзларига кўра, Элтуз гўёки Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжоновга “ишлайди”.

Бу нафақат Элтуз муштарийлари, балки таҳририятнинг ўзи учун ҳам кутилмаган иддао бўлганини таъкидлаб айтишимиз жоиз.

Албатта, Элтуз фаолияти давомида бу каби иддаоларга кўп дуч келган, ҳар сафар каналимизда бирон шов-шувли тадқиқот эълон қилинганида, айниқса, бундай иддаолар кўп урчийди. Биз кўпинча уларни эътиборсиз қолдирамиз, чунки воқеалар ривожининг ўзи аксар ҳолларда бу иддаоларнинг асоссиз эканини кўрсатиб қўяди.

Аммо бу сафар иддао конкрет ва Элтуз фаолияти ҳамда унинг журналистик таймойилларидан яхши хабардор, ўзи ҳам бир пайтлар Элтуз билан ҳамкорлик қилган дўстимиз ва ҳамкасбимиз тилидан янграгани учун уни эътиборсиз қолдиролмадик, албатта.

Ваҳоланки, биз ўз суриштирувимида, яна ўша – журналистик тамойилларимизга содиқ қолган ҳолда, суриштирувнинг Улуғбек Ашур ҳақидаги қисмига алоҳида тўхталган, унга узоқ кириш ва журналистик ибора билан айтганда, “дисклеймер”ларни илова қилган эдик. Бу жиҳат бизнинг суриштирув эълон қилинишидан аввал таҳририятда кечган узоқ муҳокамалар натижасида олган қароримиз эди. Улуғбек буни билмаслиги мумкин эмас.

Хўш, Улуғбек яна нималарни билади?

Улуғбек, Элтуз унинг Комил Алламжонов билан ўртасидаги маҳкама даъвосига сабаб бўлган, Алламжоновни “фош этувчи” видеолавҳни ўша куннинг ўзида Элтуз ўз каналига жойлаганини ҳам яхши билади.

Фақат сўнгги видеосида негадир бу ҳақда индамайди.

Элтуз 2023 йил 14 октябрь куни Улуғбек Ашурнинг Алламжонов ҳақидаги видеосини қарийб тўлалигича ўз каналига жойлади ва фақат Улуғбек Ашурнинг ўзи Алламжоновнинг Канададаги адвокатлари талаби билан видеони Ютюбдан олиб қўйганидан кейин, яна, Улуғбек Ашурга зарар етмасин, деган фикрда видеони Телеграм каналидан олиб қўйди.

Бу ҳақда Элтуз ўқувчиларига расман изоҳ берилди ва бу изоҳ ҳали ҳам каналимизда турибди.

Хўш, агар Элтуз Алламжоновга ишласа, нега Улуғбек Ашурнинг Алламжоновни “фош этувчи” видеосини ўз каналига жойлади? Мантиқ қани?

(Элтуз ТГ каналимизда Комил Алламжонов исмини ёзиб қидирувга қўйсангиз, у ҳақдаги танқидий мақолалар саноқсиз экани ва улар ҳалиям турганини кўрасиз.)

Агар Алламжонов ҳақидаги видео журналистик суриштирув маҳсули бўлса ва у кимлардир томонидан, бу ўринда, Элтуз фош этган “Офис” тарафидан буюртма қилинмаган бўлса, нега Улуғбек Ашур уни каналдан апил-тапил олиб ташлади?

Элтуз бу ва бошқа кўплаб саволларни Улуғбек Ашурга бермоқчи эди ва унинг жавобини тўлалигича эълон қилишни режалаган эди.

Аммо, англашилгани – бу режа Улуғбек Ашурнинг, эҳтимолки, у манбаларим деб айтаётган шахсларнинг режасига унчалик ҳам тўғри келмаган.

Бу “шахслар”ни асоссиз писанда қилаётганимиз йўқ. Бунга асосимиз бор. Асослардан бири шуки – Улуғбек Ашурнинг ўзи “Офис” ҳақидаги суриштирувимиз эълон қилинганидан кейин Элтуз Бош муҳаррири Қудрат Бобожон билан мулоқотида “Офис”нинг норасмий матбуот котиби Саидабдулазиз Юсупов билан ҳамкорлик қилганини тан олган.

У ўзининг сўзларига кўра, “ҳозир Дубайдаги виллада ўтирган” Саидабдулазизнинг “ўта руспараст ва кремлпарастлигини англаб етганидан сўнг у билан ҳамкорликни тўхтатгани”ни айтган.

Аммо Элтуз ихтиёридаги маълумотларга кўра, бу ҳамкорлик ҳозир ҳам давом этмоқда ва Элтузга қарши илгари сурилган иддаолар буни яна бир бор тасдиқлайди.