Get Mystery Box with random crypto!

МАДИНА Не-не мўжизотлар юборган Аллоҳ, Оби раҳмат ила суғорга | Dorul Hikma

МАДИНА

Не-не мўжизотлар юборган Аллоҳ,
Оби раҳмат ила суғорган Аллоҳ,
Айтсам энг каттакон тафсилотини -
Ясрибдан Мадина чиқарган Аллоҳ!

Набавий сакийнат юракка инар,
Ҳар буюк ҳодиса кўзгу-воқеъда.
Энг шовқин тўфон ҳам жимгина тинар,
Боқийлик ястаниб ётар Бақеъда.

Иймон шараф топган доруламийн бу,
Офият ўчоғи, ишққа таъмин бу,
Ҳаловат сабаби қайда, дейсизми -
Расулни қучоқлаб ётган замин бу!

Мусъабнинг даъвати дур ила садаф,
Уммат сўнг топмади бундоқ ёқутни.
Ётар Мағлубликдан кейинги шараф,
Қандай севмай бўлар, ахир, Уҳудни?!

(Не сири бордир бу овозаларнинг,
Овози келади ҳавозаларнинг,
Ҳамзага ўқилган жанозаларнинг…
Йиғлаб кўриб қайтдим у кун Уҳудни…)


Қубо остонаси. Не дилгир ҳислар,
Аллоҳдан топшириқ: “Қурингчи масжид…”
Туя чўккан жойга тикилган кўзлар -
Исломда қурилган биринчи масжид!

Мадина! Мен сенга тутинган ошиқ,
Даволар айладинг ғам, ҳажрларга.
Ҳайрато, ҳамоно қўлларинг очиқ,
Бугун ҳам ансорсан муҳожирларга!

Пайғамбар лабидан таралган таскин,
Салмони Форсийга битилган дуо -
Бугун ҳам сочилган оламга ризқинг,
Кўнгиллар мулкини этганча даъво.

Мадина, дунёлар ёришар, кулсанг,
Излаб ўтирмагум бошқа табибни.
Ваҳки, сен шунчалар чиройли бўлсанг,
Ҳусни қандай бўлган, билмам, Ҳабибни?!

@Xayrulla_Hamidov_adabiyot