2023-01-08 14:20:07
МАДИНАНе-не мўжизотлар юборган Аллоҳ,
Оби раҳмат ила суғорган Аллоҳ,
Айтсам энг каттакон тафсилотини -
Ясрибдан Мадина чиқарган Аллоҳ!
Набавий сакийнат юракка инар,
Ҳар буюк ҳодиса кўзгу-воқеъда.
Энг шовқин тўфон ҳам жимгина тинар,
Боқийлик ястаниб ётар Бақеъда.
Иймон шараф топган доруламийн бу,
Офият ўчоғи, ишққа таъмин бу,
Ҳаловат сабаби қайда, дейсизми -
Расулни қучоқлаб ётган замин бу!
Мусъабнинг даъвати дур ила садаф,
Уммат сўнг топмади бундоқ ёқутни.
Ётар Мағлубликдан кейинги шараф,
Қандай севмай бўлар, ахир, Уҳудни?!
(
Не сири бордир бу овозаларнинг,
Овози келади ҳавозаларнинг,
Ҳамзага ўқилган жанозаларнинг…
Йиғлаб кўриб қайтдим у кун Уҳудни…)Қубо остонаси. Не дилгир ҳислар,
Аллоҳдан топшириқ: “Қурингчи масжид…”
Туя чўккан жойга тикилган кўзлар -
Исломда қурилган биринчи масжид!
Мадина! Мен сенга тутинган ошиқ,
Даволар айладинг ғам, ҳажрларга.
Ҳайрато, ҳамоно қўлларинг очиқ,
Бугун ҳам ансорсан муҳожирларга!
Пайғамбар лабидан таралган таскин,
Салмони Форсийга битилган дуо -
Бугун ҳам сочилган оламга ризқинг,
Кўнгиллар мулкини этганча даъво.
Мадина, дунёлар ёришар, кулсанг,
Излаб ўтирмагум бошқа табибни.
Ваҳки, сен шунчалар чиройли бўлсанг,
Ҳусни қандай бўлган, билмам, Ҳабибни?!
@Xayrulla_Hamidov_adabiyot
166 views11:20