Get Mystery Box with random crypto!

Рус тилида 'медвежья услуга' деган ибора бор. Баъзи этимолог | Isroil Tillaboyev blogi

Рус тилида "медвежья услуга" деган ибора бор.

Баъзи этимологларнинг фикрича, иборанинг келиб чиқиши Лафонтеннинг "Боғбон ва айиқ" масалига бориб тақалади.

Ушбу масалдан ҳисса сифатида, ўзбеклардаги "Дўсти нодондан кўра душмани доно афзал" мақолини келтирса бўлади.

Масалда айиқ билан дўстлашган боғбон тасвирланган бўлиб(баъзи манбаларда маймун келтирилган), уйқуга кетган боғбон ёнида ўтирган айиқ унинг юзига қўнган пашшани ўлдириб, дўсти боғбонга яхшилик қилмоқчи бўлади. Лекин, пашша ўлиши учун тош билан туширилган зарба боғбоннинг ўлимига сабаб бўлади.

Баъзи дўстларнинг ёрдами ҳам худди шундай: аслида яхши ниятда қилинган ёрдам, ёрдам олувчининг зарарига хизмат қилади.

Худди мана шундай ёрдам "медвежья услуга" дейилади.

Энди бу иборани реал ҳаётимиздан қидириб кўрсак, бу каби "ёрдам"лар том маънода атрофимизни қуршаб олганини кўришимиз мумкин.

Бу, айниқса, таълим соҳасида жуда ҳам кенг тарқалган. Масалан, ўқувчилар назорат иши топширяпти. Яхши тайёрланмаган ўқувчига ё дўсти масалани ишлаб беради, ё кўчиришга беради. Тайёрланмаган ўқувчи учун бу жуда яхши мадад бўлиб туюлади. Лекин аслида-чи?

Кейинроқ бошқа вазиятда худди шундай масалага дуч келса, энди у нима қиларини билмай қолади. Чунки, дўстининг "ёрдам"и туфайли, миясининг шу масалага доир маълумотлар йиғилиши керак бўлган қисми бўш қолган.

Сессия пайтида талабалараро бўладиган муносабатлар ҳам худди шундай.

"Дўстим, қўллаб юбор", "мендаям қолиб кетмас", "илтимос, жуда банд эдим-да" каби сўровлар натижасида қилинган "медвежья услуга"лар нафақат ўша талабага, балки жамиятга ҳам улкан зарар келтираётганини сезяпсизми?

Бугун атрофимизда худди шундай "ёрдам"лар билан ўқишни тугатган кадрлар тўлиб ётибди.

Бундай "ёрдам"лар туфайли етишиб чиққан ўқитувчилар болаларни ўқитяпти. Худди шундай шифокорлар беморларни даволаяпти. Шу каби муҳандислар, архитекторлар кўприклар, йўллар, уйлар қуряпти...

Ҳаммамиз қайсидир "айиқ"дан ёрдам олиб, ким учундир "айиқ-дўст" бўлиб умр кечиряпмиз.

Ўзимизга ўзимиз "дўсти нодон" вазифасини ўтаб яшаяпмиз. Оддийгина пашшани деб бошларимиз мажақланиб кетяпти...

Gavhar Nasrulloh

@domlajon
t.me/domlajon