Get Mystery Box with random crypto!

15… 18… Худо кўрсатмасин, рақамлар яна ўзгариши мумкин. 18 н | Dilroz Abrayeva

15… 18…

Худо кўрсатмасин, рақамлар яна ўзгариши мумкин. 18 нафар боланинг ўлими катта фожиа. Лекин ҳалиям «алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинди…» деган хабар йўқ. Шунчаки «ишдан бўшатилиб, ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади», дейилиши муносиб жазо эмас.

Агар жазо муқаррар бўлганида, жазолашни хоҳлашганида шу дорининг шу сериясини сотувга чиқишига рухсат берган, қўл қўйган раҳбарларни ишхонасидан қўлига кишан солиб, олиб чиқиш мумкин эди.

Ҳали уч ой ҳам бўлмади, Гамбияда 66 нафар бола айнан йўтал дориси ва унинг таркибидаги этиленгликоль моддасидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар чиққанига. Воқеалар жудаям ўхшаш. Бизда ҳам худди шундай бўлди: Ҳиндистоннинг дори фирмаси, таркибидаги заҳарли модда ҳам бир хил.
Фирма ва дори номини ўзгартириб, қолоқ ва коррупцияга ботган давлатларга ўтказаётгандек худди.

Гамбиядаги ҳолат бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзига аъзо давлатларни огоҳлантирган бўлса керак. Идеалда огоҳлантириши, огоҳлантирмагандаям ўзимизнинг масъуллар бу хабарни эшитиб, сал эҳтиёткор бўлиши керак эди.

Бизда эса ундай бўлмади. Бўлмаса ҳам керак. Ҳамма масъулият ўзимизда қолган. Гўё атрофингда хавф-хатар кўп, сен эса эҳтиёткор бўлиб, бутун ақл-заковатингни ишлатиб, оилангни соғ-омон олиб чиқишинг керак. Ҳеч кимга ишонмай. Врачгаям, фармацевтгаям. Ўзинг учун ўзинг курашишинг керак.

Бир врач ёзган дорини имкон борича яна бир бошқа врачдан тасдиқлатиб олинг. Интернетда шу дори ҳақидаги изоҳларни, йўриқномасини ўқинг. Сақлаш муддатига қайта-қайта қаранг. Сироп бўлса, тиниқлигини текширинг. Ҳеч қачон дорихоначи билан маслаҳатлашиб, болаларингизни даволаманг. Оддий шамоллаш ёки йўтални табиий усуллар билан даволашга ҳаракат қилинг. Тиббий билимларингизни ошириб боринг. Дори фирмалар билан ишлайдиган врач сизга «фойдасиям йўқ, зарариям йўқ» дориларни ёзишга қўрқсин. Ҳар бир дорини нимага, қанча вақтга деб эзмаланиб сўранг. Дорихонадан олиб келгач ҳам, қайта текширинг: йўриқномаси, сақлаш муддати…

Новокаининг ўрнига адашиб, лидокаинни мушак орасига юборган ҳамшира ёки врачнинг ёзувига тушунмай, бошқа дори бериб юборган дорихоначи (бу воқеаларнинг ҳаммаси ўлим билан тугаган эди) ҳақидаги хабарлар эсингиздадир.

Эҳтиёткор бўлинг. Айниқса, болаларга дори беришда икки-уч карра эҳтиёт бўлинг.

@dilrozabrayeva