Get Mystery Box with random crypto!

#Мулоҳаза Номус... Кўплаб аёллар ҳақидаги марузаларни тингла | 🍀ДИЛИМГА ЯҚИНЛАРИМ 🍀

#Мулоҳаза

Номус...

Кўплаб аёллар ҳақидаги марузаларни тингласак эркаклар "Жаҳаннамда аёллар кўпроқ" деган Ҳадисни ўзларига дастак қилиб оладилар. Аслида бу Ҳадис эркакларда номусни, уятни уйғотиши керак эди назаримда.

Сабаби, чиндан ҳам кўп аёлларимиз айни жаханнам оловига мосланиб қолмоқдалар. Чунки, жуда кўп гувоҳи бўламиз. Аёлларимизнинг тиними йўқ. Ҳали қараса эрим менинг Жаннатим шиори ўлароқ, ўзларини ўққа-чўққа уриш билан бандлар. Эрим келса нима дейди деб уй тозаланади, эрим келса дея тансиқ таом қилиниб, ўзга оро бериш билан банд бўлинади. Мабодо, шайтон йўлдан уриб, эр бошқа бирор жанон билан ишрат қилса айб албатта аёлига тўнкалинади шу учун ҳам аёли, эрини ҳудди ёш боласини назорат қилгандек ҳали телефон, ҳали қадамини пойлаш билан овора бўлади.

Буни ушбу Ҳадисга нима дахли бор дейсизми? Дахли бу ерда бирорта ҳам Аллоҳнинг биз бандаларига берилган фарзларига ҳам бу қадар амал қилмай қолишида. Мана шу бизнинг асл муаммоимиз.

Бизни мантиқда эрни ҳудди ҳиндлар каби илоҳиётга тенглаштириш урф бўлган. Биламан, ушбу гапимдан сўнг Имом Аҳмад Абдурраҳмон ибн Авф ро­зияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, бир ой рў­засини тутса, фаржини сақласа ва эри­га итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади», деб марҳамат қилганлар. деган Ҳадисни дастак қилишингиз, ҳамда аёлларнинг дўзахда кўплигини шу билан ифода қилишингиз мумкин. Сабаби сиз фақатгина ушбу Ҳадиснинг якунигина ўқияпсиз. Чунки ундан аввалроқ келган намоз, рўза, иффат каби тушунчалар сизнинг нафсингизга алоқаси йўқ. Нафсингизга ушбу Ҳадиснинг фақатгина якуний байти ёқиб тушмоқда.

Балки сиз айтгандек аёллар эрларига эмас, Аллоҳга итоатсиз бўлиб кетишётган бўлсачи? Балки эрлари учун аёлнинг намози, тутган рўзаси аҳамиятсизу, фақатгина ўз нафсини қондириш, ўз эркаликларини кўтариш мосламасига айланиб қолишларига сабабчи бўлаётган бўлсаларчи? Балки сиз аёлингизга намоз, рўза, эҳсон қилишига шароит яратмаётган бўлсангизчи?

Биласизми, Ойша розияллоҳу анҳу усти кийимлари ямоқ ҳолда бўлса ҳам, садақа қилишни севган эканлар. Ҳозирчи? Ҳозирги аёллар биринчи усти кийимлари билан, кўринишлари билан оворалар. Нега? Сабаби эрларининг талаби шундай. Уларнинг эрлари усти кийими ямоқ, аммо таҳоратли аёлдан кўра, қўғирчоққа айланган аёлларни кўпроқ иззат қилмоқдалар.

Мен соҳамиз бўйича таълим олган давримда иқтисодиёт фанидан айтилган бир қонун амалини ҳамон кўриб келмоқдаман. Бу қонун "Талаб бор жойда албатта таклиф бўлади". Яъни, аёллар ҳам шундай. Сизнинг талабларингиз, истакларингизга қадар мосланмоқдалар.

Сизга усти кийими ямоқ бўлса ҳам майли, аммо эҳсонни катта қилувчи аёллар эмас, кўриниши чиройли, кийимлари чиройли аёллар кўпроқ ёқмоқдалар.

Сиз ишдан ташриф буюрганингизда уйингизда бугун нечта сура Қуръон ўқилгани қизиқ эмас. Аммо кечгига қандай таом тайёрлангани кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда.

Таом олдингизга қўйилганида, уни Бисмиллаҳ билан бошлангани эмас, кетидан яна ширинлик, салатлар борлигини аҳамият касб этмоқда.

Аёлларга берадиган нафақангиз аёлларингиз кийими, упа-атиридан нарига ўтмаяпти. Ўзидан ортириб, бечораларга эҳсон қилмаяпти. Сабаби сизнинг кўнглингизга йўл топиш шунчалар қимматлашиб кетмоқда.

Энди ҳам бизга" Жаҳаннам аҳлини кўпроғини аёллар эгаллайди" дейишга уялмаяпсизми?

Аҳир сиз эмасми Аллоҳ фарзларидан юқорига ўз нафсингизга тўғри келган жойини ҳар икки гапни бирида қайтарётган?

Аҳир сиз эмасми аёлларни ошқозонингиз ҳамда жинсий майилингизни қондириш унсурига айлантириб қўйган.

Аҳир сиз эмасми уларни кийимларига, ифорларига аҳамият қаратавериб, уларни фақатгина шу кийим-кечак, атир-упа билан овора бўлишга мажбур қилиб қўйган?

Биз юқорида айтган ўз кийимидан ҳам бировга эҳсон тутишни афзал санайдиган Ойшалар бугун йўқ ҳисоб. Сабаби агар улар ямоқ кийим кийса, эрларининг нафсларига ёқмай қолади. Шу сабаб кўчада ўзга бир жанон топса, ташқи кўринишига эътибор қаратмаган аёл айбдор бўлади.