Get Mystery Box with random crypto!

​​ЮРТИМ Эй она ватаним, жоним, дилбандим, Етмиш йил қийналдин | 🇺🇿DAVLAT VA JAMIYAT. 🇺🇿

​​ЮРТИМ

Эй она ватаним, жоним, дилбандим,
Етмиш йил қийналдинг чекиб дард-алам.
Бўйнингга боғланган сиртмоқ сабабли
Ҳатто ухлолмасдинг бир кун хотиржам.

Икки оёғингга маҳкамлаб кишан,
Қўлингга темирдан осгандилар ғул.
Миллий қадриятни эзғилаб, топтап,
Сўзлашга эрк бермай этгандилар қул.

Ўққа нишон бўлди не-не фарзандинг,
Ва яна қанчаси кетди дарбадар.
Мулкингни сўроқсиз олиб ўрнига
Асал узатгандек тутдилар заҳар.

Аллоҳга шаккоклик келтириб ҳайҳот,
Дину диёнатни қўйдилар бўғиб.
Нафас олишингга бермади имкон,
Устингдан челаклаб мағзава тўкиб.

Илма-тешик бўлди бошдан то оёқ,
Маърифат маскани – масжид, мадраса.
Хонақоҳнинг кули соврилиб кўкка,
Осмон қалтирарди замин инграса.

Аллоҳни улуғлаб этгаймиз таъзим,
Истиқлол неъматин айлади тортиқ.
Ажал чангалидан қайтгандек гўё,
Енгил нафас олди коинот, борлиқ.

Ўзингники бўлгач бойлигинг, конинг,
Юзинг ёғдусидан ой ҳам хижолат.
Дуога қўл очиб тилаймиз мудом,
Чекинма, олға бос, зафар қуч фақат.

Мана неча йилки шодонсан, юртим,
Елкасига офтоб теккан гул мисол.
Бутун эл номидан ўтинчим шулки,
Қиёматга қадар эркинг сақлаб қол.

Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ

@davlat_va_jamiyat