Get Mystery Box with random crypto!

​​#йўл_бўлсин. Янги асар: ЙЎЛ БЎЛСИН... Муаллиф: Азизахон | Channel by❤

​​#йўл_бўлсин.

Янги асар:

ЙЎЛ БЎЛСИН...

Муаллиф: Азизахон Исмоилова.

10-қисм.



Бўстонбу аммам ўғли қайтганига ўзида йўқ хурсанд бўлди. Бағри тўлди. Қўш кўзли ҳуржун ичида уруғлик нав буғдой бор экан.
Ўғли уни дастурхон устига бўшатганда аммам кафтига олиб буғдойни меҳр билан томоша қилди:
—Буни қара-я, роса сара буғдой экан-а!
Қизиқиш устунлик қилиб менам тиззалаб уларнинг ёнига бордим. Ростдан ҳам буғдойнинг узунлиги тирноғимнинг кўзича, бўлиқлигини-ку айтмай! Битта донасини олиб тишимга босиб кўрдим. Озиқ тишим сал қолса, синиб қолай деди.
Қилиқларимни "аммамнинг ўғли" бир кўзлаб кузатиб турган экан четга қараб мийиғида кулиб қўйди. Аммо “бу қизча ким, қаердан пайдо бўлди, нега деворимизда ўтирибди?” деб онасига бир мартаям савол бермади.
Қайдам... Балки, ичкарига киргунимча бу ҳақда гаплашишгандир...
Айтишига қараганда йўллар жуда нотинч экан. "Аммамнинг ўғли" гапириб мениям, онасининг оғзиниям ланг очиб қўйди.
—Йўлда энасининг қалинини қистаб юргонлар кўб экан, таҳликали бўлса-да, Яратганга таваккул қилиб қирма-қир ошиб келдим. Отим бироз ҳориди. Йўлда ҳаром қотиб қолмағонига шукр!
Бу гапни эшитиб менинг икки хаёлим отам билан онамга кетди. Ҳалигача улардан хат-хабар йўқ. Марғилонга етиб боришдими, боришмадими, ҳеч нарсани билмайман.
Эсиз, ўшанда этакларига чирмашиб олмайманми? Оёқларига осилмайманми? “Қол!” деса қолиб, “кўн!” деса кўниб ўтирибман-а!
Секин ташқарига суғурилиб чиқиб кетдим. Тандир ёнидаги супада Лолахоним оёғи осмондан бўлиб ётарди. Қўлимга олдим. Пичирлаб яна “онам мени қандай етим ташлаганларини” унга айтиб бердим.



Тонг саҳардан ўримга бордик. "Аммамнинг ўғли" аввал роса ҳафсала билан ўроғини чарҳлади. Сўнг шартиллатиб жуварини бир чеккадан ўра кетди.
Аммам ва мен шошиб қолдик. Биримиз жувари пояни боғлаб улгурмаётган, биримиз эса уларни ҳар тарафдан йиғиштира олмай ҳалак бўлаётган эдик.
Эгатлар ичида лайлакқушдек лўкиллаб юрганимни кўриб "аммамнинг ўғли" ўрганларини ўзи онасига келтириб бера бошлади. Қучоқ-қучоқ поя боғладик. Кўпга қолмай даламиз шип-шийдам бўлди.
Сал нафас ростлаб олгач, пояларни аравага босдик. Аммам далада қоровулчиликка қолди. Мен эса араванинг орқасидан из босганча уйга жўнадим.
То майда қадамлаб юриб келгунимча "аммамнинг ўғли" пояларни бир ўзи ичкарига ташиб бўлган экан. Нима қилишни билмай қоққан қозиқдек сўппайиб турсам, қуюқ қоши остидан боқиб: “Сен қолавер! Орқамдан чули-чули бўлиб эргашиб юрма!” дегандек им қоқди. Шу им қоқиш етарли бўлиб мен уйда қолдим.
Энди ишим—эшик очиш ва ёпишдан иборат эди. Арава овозини эшитсам, югургилаб бориб эшикни очаман. Поялар ташиб бўлингандан кейин яна қайтариб ёпаман. Охирги келишида "аммамнинг ўғли" ичкаридан чой олиб чиқиб беришимни сўради.
Чойнакни кўтариб чиқиб пиёлага узоқ чулдиратиб чой қуйдим.
Юзимга беҳафсала қараб, бўшаган пиёлани уйилиб ётган поя устига отиб қўйиб кетди. Қарасам чойнакда чой тугаган. "Келишса, чой сўрашади" деб ўчоққа қўр ташлаб, човгум илдим.
Кўпга қолмай иккалалари қайтиб келишди. Чой дамлаб қўйганимга аммам роса хурсанд бўлди. Кейин обдастада юз-қўлини ювмоқчи бўлаётган ўғлини кўриб, менга “бор, қарашвор!” дегандек им қоқдилар.
Обдастани енгилгина бўлса керак деб даст кўтарибман. Ичи тўла сув экан. Жўмрагига қўшилиб, оғзидан ҳам бир дунё сув шовуллаб қуйилиб кетди.
—Оз-оздан қуй! Шошма...
"Аммамнинг ўғли"- “бўлди, бас!”, “энди қуй!” деб майда-чуйдасигача ўргатиб турди, айтганларидек қилиб сувни уларнинг қўлига қуйиб бердим.
—Раҳмат! Сувдек сероб бўлинг!
Бу биринчи марта сизлаб гапириши эди. “Хайрият, сизлашниям биларкан!” дегандек чўччайиб, ўзимча селдананг юриш қилиб нари кетдим.
Чойим нимтатир чиққанига ҳам қарамай маза қилиб қора чой қилиб ичишди. Чойхўрликдан кейин "аммамнинг ўғли" ўрнидан туриб жувари бошоғини сидиришга чиқиб кетди. Мен эса пиёла-косаларни йиғиштириб, уларни чайгани ариқ бўйига йўл олдим.

(Давоми бор)

@Ummuzaynabummuijodi