Get Mystery Box with random crypto!

* * * Нигоҳимиз туташар секин, Кўзларингда жилваланар сир. Ме | "Cho'kib ketgan tiriklar"

* * *

Нигоҳимиз туташар секин,
Кўзларингда жилваланар сир.
Менга шодон куласан, лекин
Қалбингда жим йиғлайди ёмғир.
Томоғингда инграйди ноланг,
Ўксинасан, деёлмайсан лом.
Бир сўз десанг, гулистон олам,
Бир сўз десанг, барчаси тамом.
Силкинади кўкрак қафасинг,
Дард сиқади, секин уфлайсан.
Эрк истайди бўғиқ нафасинг,
Сўз айтмоққа оғиз жуфтлайсан.
Жоним, қалбинг ахир ишқ талаб,
Жон сақлайди ҳаётбахш нидо!
Кўксимизга оташлар қалаб
Ва ахийри учди: "Алвидо".
Сўнг... яширдинг юзингни дарҳол,
Замин узра тўкилди гавҳар.
Мен ўзимни йўқотдим беҳол,
Хаёлларим учди дарбадар.
Имкон бермай умид ёқмоққа,
Уйғотмоқчи бўласан нафрат.
Менга яна кулиб боқмоққа,
Бир амаллаб топасан журъат.
Йўлларимиз олислар секин,
Аён бўлди мен билмаган сир.
Менга шодон куласан, лекин
Қалбингда жим йиғлайди ёмғир.
Қалбимда жим йиғлайди ёмғир.

Қуддус АСАД.
15.03.2022