2022-07-07 17:37:21
Энг афзал дуо Арафа кунги дуодир
Унутманг, бугун қуёш ботиши билан қўшалоқ фазилатли кеча бошланади, уларнинг бири ва энг улуғи Арафа иккинчиси Жума кечаси.
Амр ибн Шуъайб оталаридан, боболаридан ривоят қилинади:
Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дуонинг энг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги Пайғамбарлар айтган сўзнинг энг яхшиси — «Лаа илааҳа иллаллооҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр»дир». Имом Термизий ривояти
Аллоҳ наздида дунё кунларининг энг афзали, энг улуғи, энг суюклиси бўлган Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги бўлса, ана шу ўн куннинг энг улуғи, Аллоҳга энг суюклиси Арафа кунидир. Арафа Аллоҳ таоло бандалари билан фаришталарга фахрланадиган ва бандаларини дўзахдан энг кўп озод қиладиган кундир.
عائشة رضي الله عنها أن رسول الله ﷺ قال: ما من يوم أكثر من أن يعتق الله فيه عبدًا من النار من يوم عرفة رواه مسلم
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Албатта, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандаларини Арафа кунидан кўра кўпроқ дўзахдан озод қиладиган бирор кун йўқдир», дедилар. Имом Муслим ривояти
Демак Аллоҳ таоло Арафа кунидан кўра кўпроқ бандаларини дўзахдан озод қиладиган бошқа бирор кун йўқ. Ҳатто Қурбонлик куни ҳам, ундан кейинги кунлар ҳам, ҳатто Рамазон кунлари ҳам эмас, балки бандаларини энг кўп озод қиладиган куни Арафадир.
У кундаги дуолар ҳам, тавбалар ҳам рад қилинмас. Шунинг учун ўтган улуғ зотлар Арафа кунини дунё машғулотларидан холий бўлиб, кўпроқ дуо билан ўтказишни тавсия қилишган. Имом Авзоъий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мен шундай қавмларни кўрдимки, улар ҳожатларини Аллоҳ таолодан сўраб олиш учун Арафа кунига сақлаб қўярдилар».
Баҳодир Раҳматуллоҳ@bitiklarim
20 views14:37