Get Mystery Box with random crypto!

Ичкаридан қандайдир идишнинг қарсиллаб синган товуши эшитилди, | @BekalarUchun

Ичкаридан қандайдир идишнинг қарсиллаб синган товуши эшитилди, Қурбоннинг бўралаб сўкинди. Бир неча сониядан сўнг, Қурбон кимдир ортидан итариб юбордими ташқарига отилиб чиқди-да гандираклаб Маржон бувининг шундоқ оёқлари остига қулади.
— Вой, ўлиб қўя қолай, тур, болам!
Буви жонҳолатда энгашиб Қурбонни кўтариб турғизмоқчи бўлди, бироқ қарилик панд берди шекилли, чўяндай оғир гавдани ўрнидан қўзғата олмади.
— Тура қолсанг-чи, уят бўлади, ахир! Кап-катта одам-а! Ҳаҳ, сени урганларнинг уйи куйсин!..
— Нима? Кимнинг уйи куяди? Оғзингга қараб гапир! — шанғиллади ичкарида туриб Хосият. Саросималаниб қолган Маржон буви ерга қапишиб хуррак отаётган ўғлига бир қараб олди-да, бошини кўтариб келинига алам билан тикилди:
— Сени не ниятларда олгандим-а!.. Шунақаям жоҳил бўласанми?
— Ҳа-а, биз жоҳилмиз! Манави гўрсўхтангиз фаришта! Нима қилсаям бегонамиз-да-а!
Хосият гўё йиғлаётгандай кўзларини рўмолининг учи билан арта-арта хонасига йўл олди.
— Қани, уйга кириб кўрсин-чи бу пиёниста, нима қиларканман!..
* * *
Маржон буви икки ўт орасида қолганди: ўғлига ачинай деса, онам деб заррача қайишмаса, ичиб олиб жеркигани-жеркиган; бу ёқда келинининг қилиқлари ортиқча, тилидан заҳар томади…
Лекин нима бўлганда ҳам она она экан-да, ярим тунгача киприк қоқмай эшик «тиқ» этса тўлғаниб ташқарига қараб ётди. Устига-устак, оёғининг оғриғи қўзғаб, шундай зирқирардики, биров игна санчиб олаётгандай ачишиб оғрийди…
Бир маҳал Қурбоннинг эшиги ғийқиллаб очилди. Маржон буви шоша-пиша ўрнидан туриб дераза пардасини кўтарди. Ўғли гандираклаб келаяпти. «Оббо, яна нима бўлдийкан?.. — хаёлидан ўтди Маржон бувининг. — Тағин бир балони бошламаяптимикан булар?»
— Оч эшикни! — ғудранди Қурбон. — Ҳой буви, оч дедим эшикни!..
— Хўп, болам, мана, ҳозир кетаяпман! Бирпас шошмай тургин.
Маржон буви эшик зулфинини суғурган ҳамон оғир гавда хона ичига гурсиллаб қулади.
— Вой, энди нима қиламан-а? Турсанг-чи, мен сени кўтаролмасам, болажоним! Кел, турақол!.. Ахир, шунча ичадими одам?!
Қурбон ўзича нималардир деб ғудранди. Буви унинг нима демоқчи бўлаётганини тушунмас, ҳамон энгашиб ўғлини кўтариб турғазишга уринарди.
— В-вей, буви, н-нимага чиранасан? — сўлакларини енгига артаркан, бошини зўрға кўтариб хунук ҳиринглади Қурбон. — Ўзинг шафтолиқоқи бўлиб ётибсан-у, мени кўтара олармидинг?
— Ҳа бўпти, шафтоли қоқи бўлсам сенларни деб бўлдим, болам! Бас қил! Чой қўйиб берайми?
— Чойни бош-шимга ураманми?.. Ундан кўра… Й-йўқ… Ҳамманг бир гўрсан!.. Аёл зотининг бари бир гўр!
Қурбоннинг кўзлари чақчайди. Маржон буви бир хавотирни сездими, ортига тисарилди.
— Ҳаммангни тириклай кўмиш керак! — бақирди Қурбон. — Бир тийинга қимматсан баринг! Йўқол, кўзимга кўринма сенам!.. Туғиб қўйган бўлсанг нима бўпти? С-сен… Мени балога йўлиқтириш учун туққансан, йўқол!..
— Вой Худо урди мени!.. Унақа дема, Қурбонжон!.. Қайси она ўз боласига балони раво кўради? Унақа гапларни гапирма!
— Н-нима-а?.. Вей, анави Хосият нима қилиб юрганини биласанми? С-сен топгансан ўшаниям, билдингми?.. Бор, ҳозир…
Қурбон илкис қўзғалиб хонтахта устидаги чойнакни қўлига олди.
— Агар чиқиб кетмасанг, ўлдираман!
Маржон буви хонадан қандай чиқиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ҳовлига чиқди-да, қай томон юришини билмай бир муддат гарангсиб турди, кейин ноилож кўча тарафга йўл олди…


* * *




Тун ярмидан оққан, кўча зим-зиё қоронғи эди. Маржон буви «тиқ» этган шарпадан сесканарди. Лекин иложи қанча, ҳовлида уларнинг дағдағасини эшитгандан кўра, ҳов, ариқ бўйида тонгни оттиргани яхши…
«Балки орқамдан қидириб чиқиб қолар Қурбонбой? — деб ўйлади буви салқиндан жунжика бошлагач билакларини камзулининг орасига тиқаркан. 
— Ҳар қалай, бувим қайга кетди деб қидирар».
Орадан хийла вақт ўтди, бироқ бировнинг қораси кўринмади. Маржон буви ўғлидан умидини узиб, ариқ четидаги толга суяниб кўзини илдирди.
Бир маҳал узоқдан тракторнинг овози эшитилди, буви кўзини очиб, бошини кўтариб қаради. Қўшни қишлоқ тарафдан у томон бир тракторелиб келарди. «Бу анави Тилла чолнинг ўғли бўлса керак, — деб кўнглидан ўтказди Маржон буви инқиллаб ўрнидан тураркан. — Бинойи бола-да Тилаволди. Қурбон иккаласи тенгқур. Бироқ Тилаволди ичмайди.