Get Mystery Box with random crypto!

Меҳмон ва мезбонлар дастурхонга дуо-и фотиҳа қилишгач , Асрор | @BekalarUchun

Меҳмон ва мезбонлар дастурхонга дуо-и фотиҳа қилишгач , Асрор ака уларга мулозамат қила туриб жилмайди:

- Қани дастурхонга қаранглар . "Тоғ - тоғ билан учрашмайди , одам - одам билан учрашади"деган гап бор ҳақиқатлигини кўринг-а. Яна "Дунё тор"деганлари ҳам рост экан . Синглим Мастура билан салкам қирқ йилда қайта кўришдик. Аммо лекин бир гапни айтиб қўяй. Эслашамиз десам суҳбатимиз хафталаб ҳам тугамайди.

- Болаликдаги дўстлар фарзандларимиз туфайли қайта учрашишибди- да. Аммо Мастура сизни ойингизларни "Анзират ойим" деб кўп эслар эди,- деди Мирсаид ака хаёлга берилган бўлиб.

- Ҳаа, ойимлар билан Мапура опоқим опа- сингилдан ҳам яқин эдилар- да.Ишонсангиз булар билан ҳовлимиз ўртасида девор ҳам бўлмаган. Шунчаки қирқ оғайни атиргулни ишкомга ўхшатиб тараб ҳовлиларимиз бўлиниб қўйилганди. Бизни уйда қиз йўқ , уч ўғил эдик . Мастураларникида эса уч қиз , икки ўғил эди. Бир йили ойим бояқиш энг кичик укамни дунёга келтириб , нима учундир юролмай қолганлар. Ўшанда Мапура опоқим билан қизлари бизнинг коримизга роса ярашганди. Айниқса Мастура чақалоқнинг кийимларини бир неча ой давомида уйларида ювиб - дазмоллаб беришни бўйнига олган эди. Ҳозир укам Азамат полвон йигит бўлган, - Асрор ака шундай деб аёлига юзланди , - онаси , синглим топилди-я , ошга ҳаракатни бошлайвер, ўзим дамлайман.

Роҳила бош силкиди :

- Ҳилолага айтдим , адаси .

Қизнинг номи орага тушгач меҳмонлар бир - бирлари билан кўз уриштириб олишди.

- Шу десангиз , Асроржон ... ука ,- қаранг , нима мақсадда хонадонингизга келдик-у , ишлар қанақасига айланиб кетди ,- биз ...

Асрор ака Мирсаид аканинг ўнғайсизланиб тўхтаб қолганлигини кўриб , унга ёрдамга шошилди :

- Ока ... Очиғи қизимизга совчи келса "Қизимиз ёш"деб уларни қайтараётган эдик. Аммо Мастура синглим учун... Мана опамизни кўрдим ,- у Маҳина опага ишора қилди, сўнг сўзида давом этди ,- сиз билан танишдик. Кўринишингиз қанақа инсон эканингизни манаман деб айтиб турибди. Қолаверса , сизлар яхшидирсизлар- ки , Мастура ҳам уйингизда туп қўйиб , палак ёзган. Хонадони тинч аёлнинг юзидан шукроналик ифодаси уфуриб туради. Нима демоқчилигимни англаётгандирсиз - а ? Хуллас мен бу таклифга ижобий қарайман.

Мирсаид ака муштига йўталди . У гапнинг хонаси келиб қолганда фурсатдан янада фойдаланиб қолишга интилди :

- Асроржон... Мудомики , Мастурани синглим деб билар экансиз , унда бор ҳақиқатни билишга ҳақлисиз. Биласизми , аёлим , яъни синглингиз Мастура узоқ йиллардан буён буйраги сабаб дард чекади. Тўғри, қўлимда ўзимга етарли мол- давлатим бор. Шу сабаб Мастурага керак вақтда қўлдан келганча муолажасини олиб турамиз . Бироқ уни бир қизлик қилиб дардини бироз аритсам дегандим. Соғлиғи сабаб ишламаганлиги учун битта ўзи уйда кўп зерикиб қолаяпти- да. Қолаверса ўғлимизнинг ҳам уйланадиган вақти келиб қолди.

Асрор аканинг бирдан авзойи бузилди . У Мастурага бошқача , дардли нигоҳ ташлади :

- Нима қилди сенга , Мастура ? Ҳозир яхшимисан ? Ҳеч нарса безовта қилмаяптими ? Менинг яхши шифокор танишларим бор ...