Get Mystery Box with random crypto!

аввалги қисмлар #КЎНГИЛ_ИФОРИ 6-ҚИСМ - Ҳа , мен Асрорман. | @BekalarUchun

аввалги қисмлар

#КЎНГИЛ_ИФОРИ

6-ҚИСМ

- Ҳа , мен Асрорман. Оббо сени қара- ю , ахири яна учрашдик- а ? Аммо- чи , сира ўзгармабсан. Тўғрироғи Мапура опоқимнинг ўзлари бўлибсан- қолибсан.

- Тушунишим бўйича сизлар таниш чиқиб қолдинглар чамамда ? - Маҳина опа синчков назар билан Асрор акага савол берди

- Вой хаёлим қурсин , ассалому алайкум. Мастурани кўриб суюнганимдан саломлашиш ҳам ёдимдан кўтарилибди, - Асрор ака илдам келиб Маҳина опага елка тутди , сўнг кулимсираганча гапида давом этди,- булар билан ёшликда Самарқанд дарвозадаги уйимизда девор- дармиён қўшни бўлганмиз. У вақтлардаги "қўшни" сўзининг моҳиятини билсангиз керак. Қариндошдан ҳам яқин эдик. Кейинчалик эски хонадонларимиз ўрнига кўп қаватли уйлар тушиб бир- бирларимизни йўқотиб қўйдик. Ойимлар Мапура опоқимни кўп қидиргандилар. Ўша вақтларда анча изладик, аммо тополмадик. Мастуралар аввал "дом"га кўчишганди , кейинчалик домни сотиб шаҳар четидан уй қилиб чиқиб кетишибди.
-Домга чиққан кезлари адамлар тўсатдан оламдан ўтиб қолгандилар, шунга тоғаларим "Синглим бир этак бола билан ёлғиз қолиб кетди" деб бизларни кўчириб кетишганди,- деди Мастура хаёлга берилганча.

- Бундан хабаримиз бўлмаганди . Опоқимлар- чи , улар ҳаётмилар ? -шошилиб сўради Асрор ака.

- Ойимлар тўрт йил аввал оламдан ўтдилар. Аммо умрларининг охиригача сизларни эсдан чиқармагандилар.

Асрор ака беихтиёр юзига фотиҳа тортди :

- Охиратлари обод бўлсин . Мапура опоқим қандоқ аёл эдилар- а ? - сўнг хўрсиниб қўшиб қўйди ,- бизникилар ҳам ўтиб кетишганига анча вақт бўлди, бироқ бу воқеалар худди кеча содир бўлгандек.

Шу пайт суҳбатга Роҳила аралашди :

- Хўжайин сизни роса кўп эслардилар. Айниқса "Пиширган сомсаларинг Мастуранинг тандирда ёпиб олиб чиқадиган ялпиз сомсаларига ҳеч ўхшамайди- да " деганлари деган эди. Ҳалиям айтадилар ,- у шундай деб ҳовлининг бурчагига ишора қилди ,- хаттоки шунақа сомса пишир деб тандир ҳам қуриб берганлар.

- Энди гап бундай,- деди Асрор ака шодон овозда ,- ҳозир орқага қайтасизлар. Нееееча йилда топган синглимни ўз қўлларим билан ош дамлаб бир меҳмон қилай.

Меҳмон аёллар бирданига ортга тисланишди :

- Йўғей кеч бўлиб кетди , кўчада укам , яъни бу синглингизни эри ҳам кутиб қолди . Диққинафас бўлиб ҳам кетгандир кутвериб .

Маҳина опанинг сўзларини эшитиб Асрор ака янада ҳурсанд бўлиб кетди:

- Эээ, энг аввал шундан келмайсизларми ? - у шундай деб Роҳилага юзланди ,- онаси , сен меҳмонларни ичкарига бошла, мен зумда куёв эшонни олиб кираман.

Асрор ака аёлларнинг ҳай- ҳайлашларига қарамай чапдастлик билан кўчага йўл олди .

Маҳина ва Мастура опалар хонадон эгасининг ташқарида ўзларини кутиб турган Мирсаид акани уйга кириш учун кўндира олишига шубҳа қилганлари сабаб ортларига қайтмай шу ерда кутиб туришга қарор қилдилар.
Бироқ орадан бир чой дамлагулик фурсат ўтар- ўтмас Мирсаид ака остонада кўрингач, ҳайратларини яшира олмай қолдилар.

- Мирсаид ? Ука , биз сени ...- Маҳина опа вазиятга баҳо бериш учун сўз бошлаган эди ҳам- ки , Асрор ака уни ишини ўзи енгиллатди .

- Мен кўчага чиқиб , қани куёв бола уйга марҳамат демоқчи эдим, Мирсаид акамнинг ёшлари мендан анча улуғ экан. Почча дейман десам Мастура мендан ёш , нима қарорга келишни билмай каловланиб қолдим. Хуллас барибир ока - ока бўладилар- да. Қани окахон, марҳамат . Уйимизнинг тўри, қалбимизнинг қўри сизники .

Асрор ака меҳмонларга йўл бошлади . Аёллар сал аввал ўзлари чиққан хонадаги дастурхоннинг саришта ҳолга келиб қолганлигини кўриб киши билмас бир - бирларига ишора қилишди: "Бўлажак келин фаросатликкина экан..."

Табиатан оғир- вазмин , кўп ҳолларда тунд кўринишда юрадиган Мирсаид аканинг кайфияти нима учундир бугун жуда кўтарилиб кетган эди. Балки , шу кўчадаги қадрдони Қобил ака таърифлаган кимсан фалончи олим Асрор Файзуллаев ўзига деярли қариндош бўлиб чиққанидан ҳурсанд бўлгандир.

Асрор Файзуллаевни кимлигини яхши танимаган инсон уни оддийгина , камтар киши деб қабул қиларди. "Буюклик - оддийликда !" деган ибора айнан Асрор ака учун ўйлаб топилгандек эди гўё .