Get Mystery Box with random crypto!

Хотини рўмолининг учини тишлаб «ҳа, биламан» дея аста бош тебр | АНТИДЕМИДРОЛ 😎😀🤔

Хотини рўмолининг учини тишлаб «ҳа, биламан» дея аста бош тебратганидан руҳланган Ҳожиқурбон «ё ўзим бозорга сочингдан судраб борайми», деб похолдўқни яна икки поғона юқори кўтарди. Сўнг, чивин ҳайдаётгандек, кафтини тескарилаб силтади:
– Бор энди, сутни қайнат!
– Хўп бўлади, дадаси, – хотин оёқ учида келиб, супадаги идишни олди. – Айтгандай, кечаги жигарниям қовурайми? Мардивой қўшнимиз бўлсаям, ҳартугур, меҳмон-да.
Хотиндаги ўзгаришни сонияма-сония кузатиб, ҳайратдан тобора ҳайкалга айланиб бораётган Мардивой, кейинги сўзни эшитгач, туш кўрмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун сонини қаттиқ чимдиди.
Во-о! Дунёда манавинақа усуллар боракан-у!
Ҳожиқурбон мойдек эриб бўлган хотинининг кўзларига синчковлик билан тикилди:
– Қовурилган жигарни қуруқ еб бўларканми? Худди бирор нарсанг бордек гапирасан-а.
– Жовонда ярим шишача вино бориди шекилли?
– Нима-а? – қоплондек ириллади Ҳожиқурбон. – Кимсан, Ҳожиқурбон бўлсам-у, меҳмоннинг олдида астатка ичаманми?
– Бўпти, дадаси, бўпти. Ҳозир ўғлингизни дўконга юбораман. Бутунидан опкелади.
Хотин шундай дея, шипиллаганича ичкарига йўналди. Пиллапояда ғўдайиб турган Ҳожиқурбон димоғини шиширган сиёқда Мардивойга ўгирилди:
– Похолдўқнинг заптини кўрдингми? Сенам юрибсан-да эркакман деб. Ҳе тиррақи!

1994 йил.