Get Mystery Box with random crypto!

Ўқинг, мазза қиласиз Похолдўқ (ҳажвия). Анвар Обиджон Д | АНТИДЕМИДРОЛ 😎😀🤔

Ўқинг, мазза қиласиз

Похолдўқ (ҳажвия). Анвар Обиджон

Дўкондан сут олиб келаётган Ҳожиқурбон уйига етай деб қолганида, қўшнисининг дарвозаси зарб билан очилиб, пирпираганича Мардивой чиқиб келди. Ортидан «Адидас» деган ёзувли чангқоқарни дўлайиб, хотини кўринди.
– Ҳу, яшшамагур! Илойим, тилингга зиндалак чиқсин!
Бизнинг давримизда келинлар эрини кўсов ушлаб қуварди, замоннинг маданийлашиб кетганини қаранг, деб ўйлади Ҳожиқурбон. Сўнг салобатли ҳаракат қўллаб, орага кирди.
– Қанақа тўпалон бу? Айниқса, мендек одамнинг олдида-я!
– Э, кўрмайсизми, – дея шоша-пиша унинг панасига ўтди Мардивой, – ўзидан-ўзи жазаваланиб…
– Ўзидан-ўзимиш… Кўпчиб ётманг деб уйғотгани кирсам, «О-о, Марфушахо-о-н», деб алаҳсираган ким?
– Бекорларни айтибсан. Ҳеч қанақа Марфушахон деган танишим йўқ. Туҳматчалпак бу!
Келин қўлларини биқинига тираб, «ум-м, ҳали биз туҳматчиям бўпқолдикми», дея галдаги чопонқоқдига шайланганида, Ҳожиқурбон «э, бўлди-да энди», деб ўзидан яна дувол ясади.
– Бу писмиқни билмайсиз, – шанғиллади келин. – Худо урган шилқим бу. Шилқим бўлмаса, Дўмбиравотни Дўмбоқобод, Эскижувани Эскижувон дермиди?
– Боринг, уйга киринг, – бу сафар кескинроқ жеркиди Ҳожиқурбон. – Уят бўлади! Боринг!
Келин саннаганича кириб кетгач, «ўзларидаям анча-мунча айб борга ўхшайди», дея Мардивойга чимирилди. Мардивой, куйина-куйина, ўзини оқлашга тушди:
– Ўлай агар, ғирт бўҳтон бу. Кеча янги чиққан тўплидан оламан деганида, кўнмаганидим. Ҳамма бало шундан. Ўзича баҳона тўқиб, мендан аламини оляпти.
– Ҳе, бўм-бўм! – унинг пешанасини тикиллатди Ҳожиқурбон. – Бу ёғини тушинибсан-у, похолдўқни ҳалиям ўрганмабсан-да?
– Похолдўқ?
– Шуни билгинки, хумкалла, сен хоҳлайсанми, хоҳламайсанми, хотинлар ўзи ёқтирган нарсани барибир олмасдан қўймайди. Тинчгина рўзғор қураман десанг, хотининг нима олмоқчилигини билволиб, ўша нарсани олишга гўё ўзинг мажбур қилгандек бўл. Шунда эркакчиликни қўлдан чиқармай турасан.
Мардивойнинг ҳануз анқайиб туришидан гапнинг мағзини чақолмаганини англаган Ҳожиқурбон жаҳлга минди. «Юр, ҳозир тушунтириб қўяман», дея Мардивойни ортидан эргаштирди.
– Масалан, мен хотинимнинг баъзи шамаларидан сезиб юрибманки, туркча кўйлак билан тилло сирға олишга пул тўплаяпти. Олмайсан десам, бийдалаб ташлайди. Бунақа пайтда похолдўқни ишлатиб, эркакдек бир яйраволаман. Дунёдаги ҳукуматларам халқ билан муомала қилишда менинг усулимдан фойдаланса, ёмон бўлмасиди.
Ҳожиқурбон Мардивойни етаклаганича ҳовлига кириб келиб, сутли идишни пешайвон супасига «тақ» этказиб қўйди. «Ҳў, хотин, қаёқдасан», деб димоғланганини билади, ичкаридан «Ҳа, нима», деган вағиллоқ овоз янграб, хонтахтадаги пашшаларни тўзғитиб юборди.
– Сутни опкелдим, – сир бой бермай дўранглади Ҳожиқурбон. – Ол, қайнат.
– Сизга сут қайнатиб беришдан бўлак ишим йўқми? – ошхонадан чиқиб, эрига тосрайиб боқди хотин.
– Гапни кўпайтирма. Кўряпсан-ку, ёнимда меҳмон бор.
– Нимма-а? Меҳмон? Шу пиёнистани меҳмон деяпсизми?
– Бу қанақа бетамизлик? – Ҳожиқурбон дуволга қўнган хўроздек кўкрак керди. – Кимга олифтачилик қиляпсан, ипринди?
– Ким ипринди?
– Сен иприндисан! Устингдаги кийимни қара. Шуям кўйлакми? Бирорта импўртнийсидан олиб кийсанг, ўласанми? Гап шу, эртагаёқ янги кўйлак оласан. Агар гапимни қайтарсанг…
Ҳозиргина темирни ғажийман деб турган хотин бирдан бўйин қисиб боқди:
– Мен бир нарса деяпманми?
– Дебам кўр-чи! – муштини ўйнатиб, энди хотинига дадил яқинлашди Ҳожиқурбон. – Жуда индамаса, а? Арчиб қўяйми шу топда? Сенда орият бўлмаса, мана, бизда бор. Кўрганлар айтмайдими, Ҳожиқурбондек одамнинг хотини жулдирвоқи бўпкетибди, бор-йўғи йигирма беш хил кўйлаги бор экан деб?
Хотин баттардан шумшайди. Эрига зимдан бир қараб қўйиб, уч кунлик келинчакдек ийманиб деди:
– Ўзимам туркча кўйлакни орзулаб юрувдим-у… яна рўзғорни ўйлаб…
– Мен турганда, рўзғорни ўйлашни ким қўйибди сенга, – кариллай кетди Ҳожиқурбон. – Кўйлак ўз йўлига. Янаги ойдан қолдирмай, қулоққа тилло сирғаям оласан. Гапим ерда қоладиган бўлса, шопирма атала ичадиган қипқўяман. Аччиғимни биласан-а?