Get Mystery Box with random crypto!

Бугун Сенинг висолинг дардларимга малҳам бўлмас, Ҳолим сўрсан | Akrom Malik | Rasmiy kanal

Бугун Сенинг висолинг дардларимга малҳам бўлмас,
Ҳолим сўрсанг, саволинг дардларимга малҳам бўлмас.
Қандоқ ширин бахт эди мен ҳақимда хаёл сурсанг –
Бугун энди хаёлинг дардларимга малҳам бўлмас.

Сўзларингни соғиниб тунларимни тонг айладим,
Кўзларингни соғиниб тонгларимни тун айладим.
Сўзларингдан қувончу, кўзларингда шифо тамом –
Кафанланган ишқимни қалбим қабрига жойладим.

Ёниб ўтган онларим куйиб ётар изларимда,
Куйиб ютган қонларим чўғдай қолди кўзларимда.
Кўксим тутмоқ истардим киприкларинг ўқларига,
Орзу эди жон бермоқ истиғною нозларингда.

Киприкларинг пайкони қолиб кетди садоғида,
Ошкор бўлмай сўзларинг яширинди дудоғингга.
Кетдинг. Тарк этдинг. Қўлда ханжару жавдирадим
Пораланган бағримга, тилкаланган бармоғимга.

Бугун ҳатто висолинг ғамларимга чора бўлмас,
Қон сирғиган жароҳат – қалб, бундан оғир яра бўлмас.
Ҳолим сўрма, кет мутлақо, ўлим билан қолса инсон
Келиб ундан тириклар бу он ҳолин сўрса бўлмас.

Акром МАЛИК.