Get Mystery Box with random crypto!

Советлар ғалаба байрамини нишонлаб, зўраки халқлар дўстлиги ғо | Akrom Malik | Rasmiy kanal

Советлар ғалаба байрамини нишонлаб, зўраки халқлар дўстлиги ғоялари билан яшарканлар, ривожланган давлатларнинг халқлари эркинлик ҳавосидан симириб, ўзи тўқ, кўзи тўқ бўлиб яшади.

Давлатнинг дунё миқёсида устувор бўлиши халқнинг руҳи билан боғлиқдир. Синиқ руҳли, эгик қадли халқ ҳеч қачон қудратли давлат қура олмайди. Совет давлати ўн бешта республика халқининг руҳини синдириб, бўйнини эгиб ташлади, фақатгина бир халқ – ўрисларнинг устунлиги учун курашилди, холос. Натижада, онги деградацияга учраган ўрислар бошқа халқларни, хусусан, ўзбекларни ўзидан кейинги, иккинчи, балки ўнинчи даражали халқ, хизматкор, мардикор оломон деб кўра бошлади.

Аслида, қандай бўлиши керак эди?
Аслида, биз миллий давлатчилигимизни сақлаб қолишимиз керак эди.
Миллий давлатни ислоҳ этиб, унга илм-фаннинг сўнгги ютуқларини киритиб, истихборот, ички ишлар, мудофаа ишларини қатъий шахт билан янгилаш зарур эди. Бу ўринда босқчинчидан ҳимоя эмас, унга ҳужум услубидан фойдаланмоқ шарт эди. Хонлар давлатни ташлаб қочмаслиги, аксинча, халқни ёппасига душманга қарши оёқлантириб, қувиб чиқармоғи вожиб эди.

Олий ғояни тушунмайдиган иғвогарларга нисбатан қаттиққўл чоралар қўлланиши керак эди.
Бундан юз йил аввал – ўтган асрнинг йигирманчи йилларида бизнинг ўз давлатимизни йўқотишимиз ўша давр амирларининг қўрқоқлиги, ақлсизлиги сабабли юз бергани аниқ ҳақиқат. Бутун миллатни бирлаштирадиган Лидер, Йўлбошчи у даврда, афсуски, топилмади. Зотан, йўлбошчини тарбиялайдиган ғоялар маҳаллийлашиб, майдалашиб ғойиб ҳам бўлган эди.

Бугун совет даврини қўмсаш психологик деградация дейилади.
У даврни қайтараман дейиш эса телбаликнинг энг олий чўққиси ёки тубан фикрларнинг энг тубан нуқтасидир.
Бугун ўзликдан, миллий руҳдан узоқлашиб глобал ҳаётга интеграция бўламан, қадим қадриятларга тупуриб, феминизм, ножинслик ва яна қандайдир “ғоялар”га эргашаман дейиш миллат мутациясининг ёрқин кўринишидир.

Бундан кейин маданиятлар қоришиб кетади, чегаралар ғойиб бўлади, одамлар бир-бирларидан фарқланмайдилар, ҳамма эркин ва ҳур, чегараларсиз яшайдилар дейиш ва бунга рози бўлиш эса алданишдир.
Дунё державалар томонидан бошқарилмоқда, бу державаларни енгадиган куч энди вужудга келмайди, мавжуд қудратлар орасида жон сақлашнинг барча услубларини топиш ва қўллаш керак дейиш эса заифликдир.
Йўқ дейиш керак. Буларнинг барчасига йўқ дейиш керак.

Бу вариантларнинг барчаси ахлоқсизлик ва зулм устига қурилади. Миллий руҳдан ажралиш инсонни субутсиз, ориятсиз ва ҳамиятсиз ҳолга туширади. Одамларни бир-биридан ҳеч бир жиҳат билан фарқламаслик улар орасида жинсни фарқламасликка, пировардида, асл инсонийлик фитратини бузишга, улкан ҳалокатга етаклайди. Державаларга кўниш, уларнинг шартларига рози бўлиш, улар билан курашмаслик мисли кўрилмаган қуллик даврига бошлайди. Улар билан келишиш, бўйсуниш эса аслиятнинг бузилиб, қиёмат жарлигига қулашига сабаб бўлади.

Нима қилмоқ керак?
Ўзлик томон, фитрат томон қадам қўймоқ лозим. Миллиятимизни топишимиз керак. Туҳматларга, фитналарга алданмаслик, ўртага чиқиб шаллақилик қилаётган зоти паст, зотсизларга эътибор қаратмаслик, улар билан ўралашиб қолмаслик шарт.

Ўзликка қайтиш учун қадим қўлёзмаларни варақлаш керак. Миллат орасидаги жавоҳирларни тоғ тубидан жавҳар топгандек топиш ва уларни йўлчироқ қилмоқ керак. Ахлоқни маҳкам ушлаш керак. Энг гўзал, мукаррам хулқларга итоат қилмоқ керак. Нафсга қарши курашиб, қатъият ва жиддият нуқтасига маҳкам ўрнашмоқ керак.
Мустақил бўлиш, Давлатни озод дея эълон қилиш биздан қон тўкишни талаб қилмади.
Одамлар партизан бўлиб курашиб, советларга қарши уруш эълон қилмади.

Биров қулашини тасаввур эта олмайдиган қизил давлат гурсиллаб йиқилди ва ҳамма мустақил бўлиб қолди. Кейин бу мустақилликни ҳимоялаш зарурати зиммага тушди.
Бунинг учун ҳаракат қилинди.
Бу ҳаракат янада долзарб, янада зарур.
Мустақиллик бизга керак эмас деган қулларнинг оғзини ёпиш керак. Одамлар бир-бирини чайнашни бас қилиши керак.