Get Mystery Box with random crypto!

#Ҳадис ҚАРЗИ ЧИРОЙЛИ ҚИЛИБ ҚАЙТАРИШЛИК. Абу Ҳурайра розиялло | ꯭Аҳли Сунна

#Ҳадис

ҚАРЗИ ЧИРОЙЛИ ҚИЛИБ ҚАЙТАРИШЛИК.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одамнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳақи бор эди. Ўша одам у Зотга қўполлик қилди. Саҳобалар унга (ѐмонлик) қасд қилиб қолдилар. Шунда у зот: «Уни тек қўйинглар. Ҳақ эгасининг гапи бўлади. Унга (туяси) ѐшидагини сотиб олиб беринглар», дедилар. Улар: Биз унинг ѐшидан яхшироқ ѐшдан бошқасини топа олмаяпмиз», дейишди. «Ўшани сотиб олиб унга беринглар. Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».

(Бешовлари ривоят қилишган).

Шарҳ:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийдан туя қарз олган эдилар. Ҳалиги одам келиб, аъробийлар одати бўйича қарзини у зотдан қўполлик билан сўради. Шунда саҳобаи киромлар у беодобнинг танобини тортиб қўймоқчи бўлдилар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга йўл бермай, саҳобаларга унга тегмасликни амр қилдилар. Ҳақ эгасининг гапиришга ҳақи бор, дедилар ва унга озор бериш ўрнига, унинг ҳақини яхшилаб қайтариш, қарзга берган туясига ўхшаш туя сотиб олиб бериш кераклигини таъкидладилар. Бошқа ривоятларда айтилишича, қарзга олинган туя учта тиши чиққан туя экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу бориб унга ўхшаш туя топа олмайдилар. Тўртта тиши чиққан туя бор экан, шунинг хабарини берибдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша тўртта тишли туяни сотиб олиб, ҳалиги аъробийга беришни амр қилдилар ва: «Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар». Шунинг учун бировдан қарз олган одам уни ўз вақтида, ўзидан ҳам афзал этиб қайтаришга ҳаракат қилиши керак. Чунки қарз берувчи муҳтож бўлиб турган пайтида ноқулай ҳолатдан чиқишига ѐрдам берган, ўз фойдасидан кечиб, унга яхшилик қилган одам. Унинг яхшилигини унутмаслик, ўрнида қайтариш лозим. Оғир пайтда ҳожатини чиқариб олиб, кейин қарзини бермай юриш инсофсизлик ҳисобланади.

Манба: Ҳадис ва Ҳаёт 11