2022-07-09 19:12:15
#МУТОЛАА_ВАҚТИ
Бу маслаҳат ва суриштирувлардан кейин Фахри коинот (с.а.в.) масжидда жамоатга қарата бундай хитоб этдилар:
— Эй инсонлар! Баъзиларга нима бўлди ўзи?! Тап тортмай менга оилам ҳақида азият ва жафо етказяптилар?! Оилам ҳақида нотўғри гапларни гапириб юрибдилар. Мен оилам ҳақида фақат яхшилик биламан, ёмонлик ва фасодни билмайман. Кейин, бу ишни шундай бир одам ҳақида сўйлаяптиларки, мен ундан фақат яхшилик кўрганман. Уйимга кирган бўлса, мутлақо мен билан бирга кирган.
Авс қабиласи раиси Усайд ибн Ҳузайр ўрнидан турди:
— Ё Набийаллоҳ, сизни хафа қилган бу одамлар Авс қабиласидан бўлса, бизга маълум қилинг, дарҳол таъзирини берайлик. Агар биродарларимиз бўлмиш ҳазражликлардан бўлса, уларга ҳам керакли дарсни бериб қўяйлик.
Ҳазраж қабиласининг раиси Саъд ибн Убода ўрнидан турди:
— Бекорларни айтибсан, уларни ўлдиролмайсан. Ҳам бу гапни сен уларнинг Ҳазраждан эканини билганинг учун айтдинг. Агар сенинг қабилангдан бўлишса эди, бу гапларни айта олмас эдинг! — дея бақирди.
Бу разилликларни қилганлар ўз қабиласидан эканини билатуриб, Саъд бин Убоданинг индамаганини нима деса бўлади?!
— Аслида, бўлмағур гапларни айтаётган сенсан, эй мунофиқ! Бу ерда туриб олиб мунофиқларни ҳимоя қила бошладинг!
Бу сўзлар масжиднинг ичида ва Фахрул мурсалийн жанобимизнинг ҳузури саодатларида катта тортишувнинг бошланишига сабаб бўлди. Агар Расулуллоҳ орага кириб, икки томонни тинчлантирмасалар, эски кунларда бўлгани каби қиличлар қинидан суғурилиши муқаррар эди.
Масжидда очилган бу масала ўша жойда қайтадан ёпилди.
Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”
44 views16:12