Иссиқхона тупроғига 25 см қалинликда чим тупроқ аралаштирилган (1:1 нисбатда) чиринди солинади. Бодринг етиштириш учун иссиқ, таркиби 4-8% органик озуқага эга бўлган тупроқ талаб этилади.
Тупроқдаги рН кўрсаткичи 6-6,5 атрофида бўлиши тавсия этилади. ЕС (тупроқнинг электр ўтказувчанлиги) 2 ms ни ташкил қилиш керак.
Тупроқ таркибида етарлича кислоталилик даражаси паст бўлиши натижасида ўсимликларда магний (Мg) танқислиги кузатилади. Кўчатлар кўчириб экилганда тупроқ ҳарорати 16°C дан паст бўлмаслиги лозим.
Тупроқнинг ҳарорати +12°C бўлганда ўсимлик ўсиши секинлашади. Бутун вегетация даврида тупроқ ҳарорати кечаси +18°C, кундузи +22°C бўлиши тавсия этилади.
Ҳароратнинг ушбу кўрсаткичдан паст бўлиши ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади. Тупроқнинг намлиги 70-80% бўлгани маъқул. Агар намлик 70% дан тушиб кетса, бодринг таъми аччиқ бўлади.