Get Mystery Box with random crypto!

Узум етиштириш учун, ток кўчатларини тайёрлаш. Ток қаламчалар | Агро хаёт

Узум етиштириш учун, ток кўчатларини тайёрлаш.

Ток қаламчалари кўпинча бир қанча навлар экилган токзорлардан тайёрланади. Бунинг учун сув билан таъминланган, унумдор узум майдонлари танланади.
Қаламчалар ток кесиш вақтида: октабр-ноябр ўрталарида тайёрланади. Токлар кўмилмайдиган жанубий вилоятларда баҳор фаслида, куртаклар уйғонмасдан олдин ҳам тайёрлаш мумкин. Қаламчаларнинг узунлиги одатда 50-60 см, йўғонлиги эса кучли ўсадиган хўраки ва кишмишбоп навларида (Ҳусайни, Тойифи, Каттақўрғон, Қора кишмиш, Оқ кишмиш) 6-13 мм, ўртача ва кучсиз ўсувчи винобоп навлар (Саперавий, Мускат, Венгер мускати) да 510 мм бўлиши лозим. Бўғим оғирлиги 5-15 см бўлгани маъқул.
Қаламча тайёрлашдан олдин новданинг барглари ва учки қисми олиб ташланади. Қаламчалар новданинг ўрта қисмидан 2-3 куртакли қилиб тайёрланади. Барглари ярмига қисқартирилади. Қаламчаларни бир кўзли қилиб тайёрлаш ҳам мумкин.
Қаламчалар 100 ёки 200 тадан қилиниб икки томонидан боғланади. Ҳар бир боғламга оддий қора қалам билан навнинг номи ва қаламчаларнинг сони ёзилган ёрлиқ, боғлаб қўйилади. Қаламчалар баҳорда экилгунгача махсус хандақларда сақланади. Хандақларга жойлаштиришдан олдин улар замбуруғ касалликларига чалинмаслиги учун 5 соат давомида 0,5 фоизли хинозол эритмасида сақланади.
Хандақлар чуқурлиги 65-70 см, эни 120-1 50 см қилиб қазилади. Бўйи қаламчалар сонига қараб белгиланади. Қаламчалар узоқ сақланган сари таркибидаги озиқ моддаларнинг камайиб бориши ҳисобига улар баҳорда суст ривожланиши, илдиз чиқариш қобилияти пасайиб кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун хандақлардаги намлик мўтадил, ҳарорат эса 4-6"С дан ошмаслиги лозим.
Қаламчаларни экишга тайёрлашдан мақсад уларда илдиз отиш жараёнини тезлаштириш ҳисобланади. Илдизлар ўсишини тезлаштиришнинг бир қатор усуллари мавжуд: килчевкалаш, ўстирувчи моддалардан фойдаланиш, қаламчалар бўғим орасидаги пўстлоқни тилиш, пастки куртакларни олиб ташлаш ва бошқалар.

Энг яхши агро тавсияларни бизнинг каналда кузатиб боринг.

https://t.me/agro_hayot