Get Mystery Box with random crypto!

Нўхатни етиштириш агротехникаси Алмашлаб экишдаги ўрни. Нўхат | Агро хаёт

Нўхатни етиштириш агротехникаси

Алмашлаб экишдаги ўрни. Нўхат тупроқни азотга бойитади, қатор оралари ишланадиган экин сифатида далани бегона ўтлардан тозалайди. Лалмикор ерларда нўхат бошоқли дон экинлари учун яхши ўтмишдош экин бўлиб, тоза шудгор-ғалла-ғалла-нўхат-ғалла беш далали алмашлаб экиш тизимида қўлланишга тавсия этилган.  Нўхатдан сўнг экилган ғалладан анғизга экилганга нисбатан гектаридан 3-3,5 ц қўшимча дон ҳосил олиш имконини беради.

Тупроққа ишлов бериш. Нўхат учун ажратилган майдон кўп йиллик бегона ўтлардан холи бўлиши лозим. Кеч кузда 20-22 см чуқурликда ер плуглар ёрдамида ағдариб ҳайдалади. Эрта баҳорда шудгор кўндалангига ёки диоганалига икки марта борона қилинади. Бороналаш ерда намни сақлаш ва ерни текислаш вазифаларини бажаради. Экиш олдидан тупроқ зичланиб қолган бўлса бороналанади, зарур ҳолатларда мола босилади, ер текисланади.

Ўғитлаш. Экиш олдидан ёки экиш билан биргаликда 30-40 кг соф ҳолда фосфорли ўғитлар берилади. Тупроқнинг гумус (чиринди) миқдори кам бўлган унумдорлиги паст майдонларда гектарига 30-40 кг соф ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳисобига ўсимликлар бўйининг баланд бўлишига ҳамда комбайн билан ўриб олишда нобудгарчиликни кескин камайтириш имкони яратилади.

Уруғни экишга тайёрлаш. Нўхат уруғлари экиш олдидан турли аралашмадан тозаланади, йирик ва текислари саралаб олинади. Экиладиган уруғлар юқори репродукцияли (авлодли) 1 ва II синф талабларига тўла жавоб берадиган бўлиши лозим. Уруғларнинг унувчанлиги 95 ва 92 %, тозалиги 99,0 ва 98,5 % дан кам бўлмаслиги талаб қилинади. Айрим ҳолларда унувчанлиги 90 %, тозалиги 97 % бўлган III-синф уруғларни ҳам экиш мумкин, улар асосан уруғлик учун фойдаланмайдиган далаларга экилади.

Энг яхши агро тавсияларни бизнинг каналда кузатиб боринг.

https://t.me/agro_hayot