Get Mystery Box with random crypto!

Томчилатиб суғориш тизимининг афзалликлари нимада? Олимлар ма | Агро хаёт

Томчилатиб суғориш тизимининг афзалликлари нимада?

Олимлар маълумотига кўра, бир центнер пахта ҳосили олиш учун томчилатиб суғориш тизимида эгат орқали суғоришга нисбатан 1,8-1,9 марта кам сув берилади. Томчилатиб суғориш ҳисобига экиннинг илдиз тизими нормал шаклланади ва далани бир текисда намлашга эришилади. Шу орқали дала қатор ораларига ишлов бериш учун сарфланадиган харажат камаяди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Томчилатиб суғориш орқали, аввало, тупроқда ўсимлик учун зарур бўлган мақбул намликни ушлаб туришга эришилади, сувнинг қуёш ёки шамол таъсирида буғланишининг олди олинади ҳамда сув ўсимлик илдиз тизимини намлантириш орқали тупроқдаги намликнинг энг мақбул даражасини сақлаб туради. Қолаверса, бу усул орқали ўсимликлар ўсиши, ривожланиши ва ҳосил бериши учун оптимал шароит яратилади, экин турига қараб 80 фоизгача сув тежалади.

Яна бир афзаллик шундаки, бу усулда суғорилган далада қатқалоқ пайдо бўлмайди ва ўсимликнинг ҳаво алмашинуви яхшиланади, культивация қилишга эҳтиёж қолмайди. Шу билан бирга, минерал ўғитнинг суюқ ҳолатда берилиши ҳисобига ўғит 50 фоизгача иқтисод қилинади. Ўсимлик озиқа моддалар билан яхши тўйинади. Экин майдони томчилатиб суғорилса, дала эмас, етиштирилаётган экинлар сув ичади.

Шунингдек, томчилатиб суғорилганда сув ўсимликнинг фақат илдизига боради ва натижада ўсимликнинг ўсишини назорат қилиш имконияти яратилади. Эътиборлиси, бундай ҳолатда экинлар ҳосилдорлигини ошириш кўрсаткичи 15-30 фоизга етади. Соҳанинг ўз ибораси билан айтганда, сувнинг ташламага чиқиб кетишининг олди олинади ва ундан фойдаланиш коэффициенти 0,98 гектарга қадар ортади. Боз устига, тупроқ табиий унумдорлигини тиклаш ва ошириш учун сув билан минерал ўғитлар, микроэлементлар ва кимёвий мелиорантларни белгиланган миқдорда солишга эришилади.

Энг яхши агро тавсияларни бизнинг каналда кузатиб боринг.

https://t.me/agro_hayot