Get Mystery Box with random crypto!

Тарвузни қачон эккан яхши? Тарвуз уруғини очиқ майдонларга эк | Агро хаёт

Тарвузни қачон эккан яхши?

Тарвуз уруғини очиқ майдонларга экиш юртимизнинг марказий вилоятларида эртаги навлар учун 15-апрелгача, кечкиси 15-майдан 10-июнгача экилиши мақсадга мувофиқ. Жанубий вилоятларда эртаги навлар 10-апрелгача, кечкилари эса 10-20 июнда экилади. Шимолий вилоятларда эртаги навларни 20-апрелгача, кечкиларини 20-30 майга қадар экиш энг яхши муддат ҳисобланади.

Мўл ҳосил олиш учун кўпроқ тарвузнинг эртапишар навларидан “Ўринбой”, “Манзур”, Ф1 “Чиллаки”, “Крисби”, “Кримстар” ва ўрта ертапишар “Чинни тарвуз”, “Сурхон тонги”, “Мармар тарвуз” навларини экиш тавсия этилади.
Тарвуз экиш учун мўлжалланган экин майдонига кузда маъдан ва органик ўғитлар солиб 35-40 см чуқурликда шудгор қилиб қўйилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун дала тишли бороналар билан бороналанади. Экиш олдидан эса чизелланиб, экишга тайёрланади. Тарвуз уруғини экиш учун об-ҳаво ҳарорати 14-15°C гача исигандан сўнг экишга киришилади. Қатор ораларини 210-280 см қилиб кенг эгат олинади. Тарвуз 2×70 см оралиқда эгатнинг икки четига экилади. Уруғларни 3-6 см чуқурликка экилади. Бундан саёз экилганда уруғларга намлик етишмаслиги натижасида тўлиқ униб чиқмаслиги мумкин. Ўта чуқур экилганда эса уруғлар чириб қолиши ҳам мумкин.

Майда уруғли тарвуз навларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5-6 кг уруғ сарфланади. Ўсимликларни униб чиқганидан сўнг яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш зарур. Шунингдек бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши кураш чораларини ўз вақтида бажариш зарур.

Зарур бўлса, яганалаш ишлари бажарилади. Яганалаш 2 босқичда: биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда ва биринчи чопиқ вақтида ўтказилади. Ниҳоллар тўлиқ униб чиқгандан кейин қатор ораларини юмшатилади.

Энг яхши агро тавсияларни бизнинг каналда кузатиб боринг.

https://t.me/agro_hayot