Get Mystery Box with random crypto!

'К' ҳарфли мундир Бир куни елканг оша мундирингга қарайсан ва | Девонайи Ҳақгўй

"К" ҳарфли мундир

Бир куни елканг оша мундирингга қарайсан ва беихтиёр юлдузчаларга кўзинг тушади. Шунда қачонлардир мана шу юлдузчалар ўрнида "К" ҳарфи турганини эслайсан. Ҳа, бу "К" ҳарфининг йиллари роса машаққатли ўтган, бироқ ўзига яраша шарафли ва ўзига яраша тотли ҳам эди.

Тенгдошларинг тунги клубларда ўйнаб юрган бир пайтда, сен сафда қўшиқ айтиб юрардинг. Кимлардир бир ой хизмат қилиб, кўзлари ёшланганида, сенга тўрт йиллик хизмат ҳам камдек туюларди. Қайсидир "йигит"чалар оёғларига оро бериб юрса, сен ёзнинг чилласида этикда полигонларда чопардинг.

Сени кўрганлар, бу ҳарбий-да, қаҳри қаттиқ, унча-бунча нарсани тушунмайди, дейишарди, бироқ мана шу барваста савлат остида Ватан ишқида ёнаётган ўтли юрак ва теран тафаккур борлигини англаб етишмас эди.

Бошқалар олий маълумот учун ўқиса, сен олий муҳаббат учун хизмат қилар эдинг. Сен ҳақингда фильмларни кўриш мароқли, лекин ҳаёт саҳнасида сенинг ролингни ижро этиш ҳаммага ҳам эмас!

Сен "залётчик" бўлишинг мумкин, бошинг "беш суткалик"лардан чиқмаслиги мумкин, бироқ Ватанга муҳаббатингда заррача ҳам ғубор йўқ.

Кимларнингдир луғатида "мансаб", "бойлик" деган сўзлар устувор бўлиши мумкин, сенинг луғатингда эса "шараф" ва "ғурур" сўзлари зарҳал ҳарфларда битилган.

Сен хизматдошларинг билан шунчаки дўст эмассан, балки бир зарбни қабул қилган битта қалқон ҳамда бир зарбани берган битта муштсан. Гарчи бугун уларни кўрмаганингга йиллар бўлиб кетган бўлса ҳам, юрагингдаги ҳурматнинг салмоғи камаймаган!

Гарчи бугун эрки ўз қўлида бўлган зобит бўлишинг мумкин, бироқ ярим тундаги "самаволка"ларни ҳамон хумор қиласан.

Эй "К" ҳарфли мундир, сен чекловлар ва тақиқлар даври бўлишинг мумкин, лекин мен учун доимо катта ҳаёт мактаби бўлиб қолаверасан. Ҳақиқий зобитларгина сенинг чиғириғингдан ўтади!

Ўтган йиллар учун сенга ташаккур!

"КУРСAНТ КУНДAЛИГИ"дан

Барча ватан ҳимоясига бел боғлаганларни табриклаймиз!

@adolat_kuychisi