Get Mystery Box with random crypto!

ОНАМ ВА ОТА ҲОВЛИМ Мана бизнинг ғариб ҳовлимиз, Мана мени | 𝗔𝗱𝗮𝗯𝗶𝘆𝗼𝘁 𝗢𝗹𝗮𝗺𝗶

ОНАМ ВА ОТА ҲОВЛИМ

Мана бизнинг ғариб ҳовлимиз,
Мана мени улғайтирган ғам.
Бунда мени муштоқ кутади,
Ҳовлимиздан ғариброқ онам.

Ўша тандир, қадрдон ўчоқ,
Чўғларида онам тафти бор.
Ҳовлимизда шамолдек кезар,
Болалигим мискин, телбавор.

У чоғларда ой билан ухлаб,
Уйғонганман тонгнинг сасидан.
Ва дунёга боққанман илк бор,
Ота уйнинг деразасидан.

Ўйлар эдим: онам мунглимнинг,
Малҳам бўлсам оғриқларига,
Шам эритиб босарди онам,
Товонининг ёриқларига.

Оловҳидли кўйлакларидан,
Алвон рангли илҳомлар олдим.
Гарчи она бўлолмадим, лек,
Мен онамга айланиб қолдим.

...Шеърнинг сирли йўли чорлади,
Ютди мени ишқ доми буткул.
Агар юриб адо қилмасам,
Мени адо қиларди бу йўл.

Эй илоҳдан нур олган онам,
Ҳаёт артмас кўзим ёшини.
Жим зиёрат қиламан энди,
Қабрингни ва тандирбошини

Гулжамол Асқарова
t.me/Adabiyot_olami
t.me/Abduvohid_Suvonov