Get Mystery Box with random crypto!

* * * Қарсак нима ўзи? Иккита кафтнинг орасидан потраб чиқ | 𝗔𝗱𝗮𝗯𝗶𝘆𝗼𝘁 𝗢𝗹𝗮𝗺𝗶

* * *
Қарсак нима ўзи?
Иккита кафтнинг
орасидан потраб чиқадиган сас,
хоҳласам чаламан, хоҳламасам йўқ,
қарсак меникидир, сизники эмас.

Қарсаклар ҳозирча қўлтиқларимда
митти мушуклардай мудрайди тафтдан.
Ахир ўзбекнинг бир ўжар шоири
қарсак чалармиди бемаъни гапга.

Виждонсиз шоирлар кўпайган жуда.
Юракни сўз билан ёндирувчи кам,
халқнимас, шуҳратни ўйлаб сўйлаган аҳмоққа бермайман қарсагимни ҳам.

Қарсак нима ўзи? Арзимаган гап,
керак бўлганида топилар қоплаб.
Титроққа тўлдириб осмон гумбазин,
Қарсаклар чалишни биламан боплаб.

Ғирромлик қилмаса нотиқ агарда,
ёлғон шеър айтишдан қайтмаса шоир,
милтиқ ўқларидай гумбур-гум қилиб
ҳаводан қарсаклар ясардим доим.

Ўжар шоирликни ташлаб ўшал пайт,
эпчил бир югурдак каби замонда
қарсак чаладиган хизматчи бўлиб,
ишга кирар эдим, Ўзбекистонга.

Шавкат Раҳмон
t.me/Adabiyot_olami
t.me/Abduvohid_Suvonov