2022-11-19 09:58:14
ЭНГ ЯХШИ УММАТ
Имрон ибн Ҳусайн ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларнинг энг яхшиси, менинг замондошларим (саҳобаларим)дир, сўнг (умматларим ичида) улардан кейин келадиганлар, сўнгра кейингилар”, деганлар».
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизнингча, кимнинг имони яхши?” деб сўрадилар.
– (Саҳобалар:) “Фаришталарники”, – дейишди.
– “Улар осмонда, сизлар кўрмаган нарсаларни кўришади, шундай бўлгач нега имон келтирмасинлар?” – дедилар.
– “Набийларники”, – дейишди.
– “Уларга ваҳий тушиб туриб ҳам имонга келмасалар, қандай бўлади? ” – дедилар.
– “Бизники”, – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ораларингизда туриб ҳам имон келтирмасаларингиз, қандай бўлади?” дедиларда, ўзлари жавоб қилдилар: “Мен учун халойиқнинг ичида имони яхшиси сизлардан кейин келадиган ва саҳифаларда китобни (Қуръонни) кўриб, ундагиларга имон келтирадиган қавмлардир”, дедилар» (Имом Ҳоким ривояти);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мени кўрган ва менга имон келтирган киши бахтлидир! Мени кўрмаган ва менга имон келтирган киши етти карра бахтлидир!” (Имом Аҳмад ривояти).
91 views06:58