Get Mystery Box with random crypto!

НОМАИ АЪМОЛНИ ЎҚИШ ҲАҚИДА ВАЪЗ Аллоҳ таоло каломи мажидида ма | Abdurashid domla ma'ruzalari

НОМАИ АЪМОЛНИ ЎҚИШ ҲАҚИДА ВАЪЗ

Аллоҳ таоло каломи мажидида марҳамат қилади:
«Китобингни ўқи!» (Исро сураси, 14-оят).
Билгинки, китоб икки турли бўлади. Биринчиси, бу дунёдаги китоб, иккинчиси, охиратга тегишли. Инсон бу дунёдаги китобини инкор қилиши мумкин, агар унга ҳеч ким гувоҳ бўлмаган бўлса. Лекин асло охиратдаги китобини инкор эта олмайди. Чунки охиратдаги китобга Аллоҳ таоло гувоҳдир. У зотдан ҳеч бир нарса махфий бўла олмайди. Қиёмат куни сенинг ҳузурингга китобинг қўйилиб: «Китобингни ўқи! Бугун ўз шахсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро сураси, 14-оят), дейилади.

Китоб ўқилиши ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар бор. Уни ҳамма ўқийди. Ҳар бир одамнинг бўйнида унинг амаллари нусхаси битилган нома бўлади. Агар у вафот этса, ўралиб олиб қўйилади. Қиёмат куни тирилганда унга ёйиб кўрсатилади ва: «Китобингни ўқи!» (Исро сураси, 14-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло амри илоҳий қилиб: «Эй жиноятчилар! Бугун энди (мўминлардан) ажралингиз!» (Ёсин сураси, 59-оят).

Мўмин киши қиёмат амалини фаришта ҳам, одам ҳам кўрмагунича Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади. Сўнгра унга парда ортидан китоби тутқазилиб: «Китобингни ўқи!» (Исро сураси, 14-оят), дейилади. Агар у ҳаётини яхшиликлар билан кечирган бўлса, юзи порлайди ва хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло: “Эй бандам, танидингми?” дейди. Банда: “Ҳа, эй Аллоҳим, ўзингга шукр”, дейди.
Агар солиҳ амаллар кам бўлса, рангги бўзариб, қалби ларзага келади ва уялади. Агар унинг номаи аъмолини ҳеч ким билмаган бўлса, Аллоҳ таоло унга: “Эй бандам, билдингми?” дейди. Банда: “Ҳа, эй Аллоҳим, билдим”, дейди. Аллоҳ таоло уни кечиради. Банда саждага бош қўяди. Халойиқ бу кишига жаннат бўлсин, дунёда катта гуноҳ қилмабди, дейди.

Қиёмат куни уч ўринда ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Ҳеч ким бировни ўйламайди: 1) тарози олдида, киши тарозиси оғир келадими ёки енгил бўладими – буни билмайди; 2) номаи аъмоллар бериладиган пайтда, киши номаи аъмоли ўнг томонидан бериладими ёки чап томонидан бериладими – билмайди; 3) сирот кўпригидан ўтишда, ўта оладими, йўқми – билмайди.

Бир киши Али розияллоҳу анҳуга: “Менга қисқа қилиб дунёни сифатлаб беринг”, деди. Али розияллоҳу анҳу: “Билки, дунёнинг ҳалоли ҳисоб, ҳароми азобдир. Охиратда ҳамма нарса икки марта ҳисоб-китоб қилинади: қаердан топиб, қаерга сарфлагани”.

Яҳё ибн Муоз розияллоҳу анҳу бир мажлисда: “Эй инсонлар, эҳтиёт бўлинг. Эртага қиёмат куни маҳшарда ҳисоб-китоб қилинасиз. Раҳмоннинг ҳузурида якка-якка турасиз. Қилган ишларингиздан ҳарфма-ҳарф сўраласиз. Авлиёлар Аллоҳнинг ҳузурида гуруҳ-гуруҳ бўлиб яқинлашади. Осийлар Аллоҳнинг ҳузуридан якка-якка узоқлаштирилади. Буларнинг ҳаммаси ер қаттиқ силкинганда, фаришталар Раббингиз ҳузурига саф-саф бўлиб келганда содир бўлади. Эй биродарларим, огоҳ бўлинглар, у куннинг бир куни эллик минг йилга тенг. У кун яқин бўлувчидир, ларзага солувчи, ҳисоб-китоб куни, ўлчов куни, тирилиш куни, зилзила кунидир. У кунда ҳеч бир жон Раббисининг изнисиз гапира олмайди. Жаннат аҳли жаннатларда роҳатланишади, дўзах аҳли дўзахда азобланишади. Мен уларнинг қайси бири эканимни билсайдим, кошки”, деди.

"Мусулмон учун 30 ваъз" китобидан.