Get Mystery Box with random crypto!

МУҲАББАТ Мўмин бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом ва д | Abdurashid domla ma'ruzalari

МУҲАББАТ

Мўмин бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом ва даражалари амал ва эътиқодларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Мақомларнинг олийроғи ва юксакроғи – мўмин банданинг ҳар бир нарсага холис Аллоҳ учун муҳаббат қўймоғидур.
Ислом шариатида муҳаббат вожиб дейилган. Шунга кўра, ким муҳаббат қўйса, билдириб қўйсин, токи қалбларда ўрнашсин қарор топсин, ому хос ўргансин ва барча инсонлар унга ижобат қилсин. Мўминнинг бахту саодати, жамиятнинг саодати,
балки бутун инсониятнинг саодати шундадур.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг бандаларидан шундай кишилар борки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан уларга берилган мақом ва манзилларга пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар”, дедилар.
Саҳобалар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга хабар беринг, ким улар?” Жаноб (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар: “Улар ўзаро қариндошлик учунгина эмас, мол-давлатдан манфаатдор бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ учун муҳаббат қўйишганлардир. Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нурдир. Улар нур узрадурлар. Инсонлар хавфда бўлганда улар хавфда бўлмаслар. Инсонлар қайғуда бўлганларида улар қайғуда бўлмаслар”. Сўнг тиловат қилдилар:
“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар имон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир” (Юнус сураси, 62–64-оятлар).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аниқ ва равшан баён қилиб берадиларки, қиёмат куни инсонлар Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган жойига, амалига яраша Аллоҳнинг фазли ила лойиқ кўрилган маконига шошилишади.
Инсонлар бўладиларки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги юксак мақоми ва олий манзилларига, абадий ва сўнмас неъматларига пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар.
Аллоҳ учун муҳаббат қўйганларга Аллоҳ таоло манзиллар тайёрлаб қўйган. Бу муҳаббат умматга яхшилик ва саодатни зиёда қилур. Тилаклари ва орзу-истакларини рўёбга чиқарур. Унга қувват бахш этур. Руҳиятини кураш ва жанг майдонларида кўтаради. Бу билан ёғийдан устунликка етказур. Бутун умматни бир жону бир тан қилур.
Муҳаббат туфайли Аллоҳ умматни ислоҳ қилур ва қадамларини тўғри йўлда собит қилгай. Уларга яхшиликлар ато қилиб, иззат ва шон-шарафга лойиқ кўрур.

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётидан лавҳалар” китобидан.