Get Mystery Box with random crypto!

Ҳижратдагилар туркумидан Эссиз... Қани энди, ҳозирги ақлим ўш | Зулфия Махмуд

Ҳижратдагилар туркумидан

Эссиз... Қани энди, ҳозирги ақлим ўшанда бўлганда эди... Ота-онам ҳам қайтаришмабди, қариндош-уруғим ҳам танловим хатолигини тушунтиришмабди... Индамай, нетмай насронийга эрга тегиб кетаверибман... Ҳозирда Россияда яшайман. Икки ўғлим бор. Бири 13 ёш, бири 7 ёш...

Ақлим кирганда, эримни Исломга даъват қила бошладим. Йўқ! У истамади, истамади, истамади! Ажрашиб кетишга куч тополмаяпман... Болаларим отасини жуда яхши кўришади. Отаси ҳам уларни жонидан ортиқ кўради. Мен эса икки ўртада қовурилмоқдаман...

Мана беш йилдир-ки... додимни биров эшитмайди. Нима қилай, нима йўл тутай? "Мусулмон бўлмасанг, ажрашаман!", деб айтишга куч тополмаяпман. Қўрқоқман! Болаларимни олиб қочиб кетайми? Ёки уларни отасига ташлаб қочайми? Йўқ, йўқ буларни ҳеч бирини қилолмасам керак... Доим эримни қўлига, унинг бойлигига яшаб келган аёлман...

Ўзимни англаганимдан буён намозимни ўқияпман, рўзамни тутяпман. Буларни ҳеч бирига у тўсқинлик қилмайди, индамайди. Лекин мен энди насроний билан яшашни қалбимга сингдиролмаяпман...

Ўтинчим Аллоҳдан, қани энди У менга йўл кўрсатса, У мени ботқоқдан олиб чиқса... Қани энди кечалари ҳеч кимга билдирмай, ичимга ютиб йиғлаётганларимга Роббим томонидан бир жавоб келса... Мен Унинг ёрдамига муҳтожман!

Зулфия Махмуд



t.me/zulfiyamaxmudova