Get Mystery Box with random crypto!

​​Ишониш ва ишонч ҳақида хикоя Бир куни қуёш дарахтга айтибди | Zebiniso Ahmedova — psixolog blogi

​​Ишониш ва ишонч ҳақида хикоя

Бир куни қуёш дарахтга айтибди.
-Хой, дўстим, сен менинг раҳнамолигим остида ўсдинг, улғайдинг, бир йил ичида ҳам гулладинг, ҳам хосил қилдинг. Энди мен бироз узоқлашаман, балким булутлар ортидан мени топа олмассан, балким кун бўйи нурим сенгача етиб ҳам келмаслиги мумкин. Шунинг учун мендан ҳафа бўлма, яна қайтаман, яна қизғин суҳбатлар қурамиз, сен мен томон интиласан. Фақат бир ўтинчим бор. Ҳаммагаям ишониб қолма, айниқса, шамол сенга озор бериб қўймасин деб қўрқаман.
-Дунёни чароғон қилган Қуёшсиз, сизнинг борлигингизни ўзи менга кифоя, шамол ҳар доимги шўхлигини қўймайдиган қувноқ дўстимиз-ку, унга ишонаман.
-Йўқ, ўзингга ишон, дўстим, ўзингга ишон! Ҳатто шамолгаям ишониб қўймагин!
Шу маслаҳат билан Қуёш дарахтдан ва ердан ҳам узоқлашибди. Ўша куниёқ шамол увиллабди. Ўша куниёқ шамол шўхлигини бошлабди. Дарахт эса шамолга қараб ишониб ўтираверибди. Дарахт кечга бориб бундай ўзига қараса барглари тўкилиб, ичидан қуввати кетиб сарғайиб қолибди. Шундаям “МЕН ШАМОЛГА ИШОНАМАН” деб яхши гумонда бўлаверибди.
Тез кунда шамол дарахтнинг барча баргларини юлиб олибди.

Узоқдан бу ҳолатни кузатаётган Қуёш, “Эй, дўстим, дарахтгинам, қанчалик қийинчилик билан бу баргларни ўстирган эдинг, шамолнинг раҳмиям келмади, кўрдингми, нега унга ишонч билдирдинг”, депти.

Дарахт ўзи ишонган шамолнинг юзига тик боқиб, шу саволни беришни тўғри деб билибди.
-Ҳой, дўстим Шамол, нима учун сен менинг ишончимни оқламадинг, нега сен менинг баргларимни юлиб туширдинг, нима учун мен қийналиб ўстирган баргларни ерга тўкдинг, оёқ ости қилдинг. Муддаонг нима эди?
-Дўстимсан ишонч билдирганинг яхши. Лекин ишонч дегани фақат сени айтганингни қилишим кераклиги дегани эмас-ку! Ахир мен шамол бўлсам, мен совуқни еталаб келишга масъулман. Сени аслида Қуёш алдади мен эмас. Қуёш нима учун сендан узоқлашаётганини айтмай сенинг ишончингни пуч қилди. Қуёшнинг узоқлашгани совуқнинг яқинлашганидир. Совуқнинг яқинлашгани эса бор имкониятингни бошқатдан бошлаш учун тиниқиб олишингдир. Аслида мен сенга кўпроқ дўстман, ўзингга ишонгин дўстим. Яна бир марта новда чиқаришингга, яна бир марта Қуёшдан иссиқлик олиб фасл алмашиниши қонунлариниям ҳисобга олишингга ишонгин. Ўзингга ишон ўзингга!
-Бу нима дегани дўстим? Дўстлик йўқ деганими? Мен сенга ишонч билдирганим нотўғрими?
Ишониш ва ишонч ўртасида фарқ бор. Ишониш бу ҳар ҳил вазият бўлишига тайёр бўлишга ишонишдир. Ишонч эса қандай вазият бўлсаям ўзингдан куч топиб янгилана олишингга ишончдир.
Ишонишда нима бўлишини бошқаларнинг ихтиёрига топшириб, вазият уларнинг ҳатоси ёки камчилиги дейиш. Ишонч вазият қандай бўлишидан қатъий назар ундан беталофат чиқиб кетишдир.

Дўстга зор қилма, душманга хор қилма! Дўст ҳам ўзинг ва душман ҳам ўзинг. Агар ишонч ўзингнинг қўлингда бўлса ўзингга дўстсан, агар ўзингга ишонч бўлмаса, ўзингга душмансан!
Ҳаммагаям ишонаверма, яъни фақат сиз кутгандек бўлишини истаб яшаманг. Ишончсизлардан узоқлашинг. Шунда ўзингизга яқинлашасиз, тўғрироғи ўзингизга ишонч пайдо бўлади. Ўзингизга ишонақолинг дўстим!

Зебинисо Аҳмедова “Психологлар учун метафора” китобимдан лавҳа.

———— ————
— Психологдан Консультация олиш учун;
— Ваҳима, қўрқув, ёпишқоқ фикр, уйқусизликлар, хавотирлар;
— Невротик депрессияларда бизга мурожаат қилинг!

Ҳозироқ,
қўнғироқ қилинг!
Тел: +998909444612
Тел: +998908055580

— АЛБАТТА, ДАВОЛАЙМИЗ!!!

——————————
Телеграм канал
Кўрсатиладиган хизматлар рўйхати
——————————