Get Mystery Box with random crypto!

Соғлом баҳслар кўпайсин Шу кунларда ўзларини либерал ва диндо | Zafarbek Solijonov

Соғлом баҳслар кўпайсин

Шу кунларда ўзларини либерал ва диндор тоифа ҳисоблайдиганлар ўртасида баҳслар бўлмоқда. Шу ҳақда фикрларимни улашмоқчиман. Икки тарафнинг ҳам ўз фикрларини очиқ билдира бошлаши яхши тенденция. Йиллар давомида иккала қатламнинг ҳам овози ўчириб қўйилганди. Уларга нима берилса, шуни ҳазм қилишга мажбур бўлди. Ўзлари истаганини ололмади. Энди эса улар гапирмоқда.

Бироқ бу каби баҳслар ўзаро ҳурмат асосида, ҳақорат, туҳмат ва провокациядан ҳоли, бир-бирини тинглай олиш йўлида ўтиши ҳаммага, айниқса, уларни тинглаб ўтирган аудитория учун фойдали. Векторни шунга йўналтириш керак. Хулосани баҳслашаётганлар баҳс вақти қилмаслиги мумкин. Бир-бирининг аргументларини мақулламаслиги ҳам нормал ҳолат. Бироқ баҳсдан кейин беихтиёр ўзлари билмаган ҳолда ичида савол беришга ўтиш эҳтимоли ҳам бор гап.

Тинглаётганлар эса изланишни бошлайди. Айтилган фикрларни бир-бирига солиштиради. Ҳақиқатларини сайқаллаштиришга ўтади. Қайсидир миқдорда ўзига яраша хулосалар олади. Савол бериш мумкинлиги ва бу ҳеч ким томонидан чегараланмаганлиги муқаддас қадрият эканини англаб етишига туркти бўлса не ажаб. Жавобларига қараб ўзлигини танишни бошлайди. Ички қўрқуви, иккиланиши ҳам йўқолади.

Бу ҳолат аввалги даврда қандай бўлган, қайси платформалар баҳс майдони вазифасини ўтаган билмайман. Аммо ҳозирда соғлом баҳс учун ҳамма шароит бор. Соғлом баҳсларни асраш, кўпайтириш керак. Бундан кўпроқ жамият ютади. Кўр-кўрона бировларга эргашиш, бошқаларга симпатия асосида ҳаракатланиш, ўзича ўзини фундаментал билимсиз мана шу тоифаданман деб эълон қилиш кабилар тинглаётганлар ўртасида нисбатан анча камаяди.

Мен шунга ишонаман. Сизчи?

@Zafarbek_Solijonov