Get Mystery Box with random crypto!

Деразадан тушган нурда, ўғлим, менинг кўзим бор, Элга қилган с | 🌸Qur'onga oshiq qalblar🌸

Деразадан тушган нурда, ўғлим, менинг кўзим бор,
Элга қилган савобингда билки ёруғ юзим бор,
Гар ғафлатдан йироқ эрсанг, вужудингда ўзим бор,
Болам, отам ўлган дема, мен ўзингда яшайман,
Ким ортингдан дуо қилса, мен изингда яшайман.

Бандасидан қўрқма, болам, қўрққин фақат Худодан,
Юкунмагин сен ҳар касга, шафқат тила Аллоҳдан,
Рости, ўлмоқ-кулиб кетиш бу ёлғончи дунёдан,
Болам, отам ўлган дема, мен ўзингда яшайман,
Дилинг, тилинг бир бўлса гар мен сўзингда яшайман.

Фарзанд инсон ортидаги ёниб қолган чироқдир,
Чироқ ёқсанг, парвонаман, руҳим менинг уйғоқдир,
Сен унутма, охиратда ҳар дақиқанг сўроқдир,
Болам, отам ўлган дема, мен ўзингда яшайман,
Жондан азиз суйган ўғлинг ҳам қизингда яшайман.

Умр ўзи — оқар дарё, тўғони бу — ўлимдир,
Қаро ерга бўш келган бу — менинг икки қўлимдир,
Бу дунёда шеър гадоси Маҳмуд — менинг ўғлимдир,
Болам, отам ўлган дема, мен ўзингда яшайман,
Ҳалол бўлса топган нонинг, мен тузингда яшайман

Маҳмуд Тоир
https://t.me/joinchat/AAAAAFNCL2cbf58Xwe1odw