Get Mystery Box with random crypto!

Алимент учун чет элга чиқишга қўйилган тақиқни олиб ташлаш тар | YURIST MASLAHATI

Алимент учун чет элга чиқишга қўйилган тақиқни олиб ташлаш тартиби

Алимент тўловчи айрим шахсларнинг бевосита даромад манбаи чет элга чиқиш, миграция билан боғлиқ. Бундай ҳолларда чет элга чиқишга қўйилган тақиқни алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент бўйича гаров шартномасини тузиш орқали олиб ташлаш мумкин.

1. Чет-элга чиқишга тақиқни қандай олиб ташлаш мумкин?

Суд ёки МИБ томонидан алимент тўловчиларнинг хорижга чиқиши вақтинча чекланиши мумкин.

Чет элга чиқишга тақиқни 2 та усул билан олиб ташлаш мумкин:

алиментни олдиндан тўлаш;

алимент бўйича гаров шартномасини тузиш.

2. Алиментнинг қанча даврини олдиндан тўлаш керак?

Алимент олдиндан 5 йилдан кам бўлмаган муддатга тўланиши керак. Болалар вояга етгунигача бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.

3. Гаров шартномаси миқдори қанча?

Алиментни тўлашни гаров билан таъминлаш ҳам мумкин ва бунда гаров қиймати БҲМнинг 250 баравари (85 млн сўм)дан кам бўлмаслиги лозим. Ҳар қандай мол-мулк (автомобиль, дўкон, уй-жой, квартира) гаров бўлиши мумкин.

4. Кимга мурожаат қилиш керак?

Алиментни олдиндан тўлаш ёки алиментни гаров билан таъминлаш учун ижро ҳужжатини берган фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилинади.

Бунда судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза берилади. Ариза намуналарини бу ерда олиш мумкин.

Аризага МИБ томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилиниши шарт.

Алимент гаров билан таъминланганда эса гаров шартномаси ҳам илова қилиниши керак.

Бундан ташқари, аризада алиментни ойма-ой тўлаб бориш учун тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар кўрсатилади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).

5. МИБ маълумотномани қанча муддатда бериши лозим?

Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза 7 иш кунида кўриб чиқилади.

Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза 15 иш кунида кўриб чиқилиши мумкин.

Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддат давомида амал қилади, бу ҳақда қарорда кўрсатилади.

6. Гаров шартномаси қандай тузилади?

Гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланади. Шартноманинг намунавий нусхасини бу ердан олиш мумкин.

Алимент 2 ойдан ортиқ муддатда тўланмаса, ундирув гаровга қўйилган мулкка қаратилади.

Саволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

@yuristlar_maslahati