Get Mystery Box with random crypto!

ТОИФА БЎЙИЧА ТЎЛАНГАН ОРТИҚЧА ТЎЛОВЛАРНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШМОҚЧИ М | YURIST MASLAHATI

ТОИФА БЎЙИЧА ТЎЛАНГАН ОРТИҚЧА ТЎЛОВЛАРНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШМОҚЧИ

Мен 2017 йилда коллежда ишлаганимда аттестациядан ўтиб тоифа олганман, 2018 йилдан иш фаолиятимни коллежда умумтаълим фанлари (рус ТИЛИ) дарси қисқарганлиги сабабли иш фаолиятимни мактабда давом эттирдим. Энди шу бугун менга завуч сизни тоифа бўйича тўловингиз 2020 йилда тўхталиши керак эди биз билмабмиз. Бир йиллигини қайтарамиз дейишди. Қанчалик бу тўғри?

ЖАВОБ:

Амалдаги Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.

Ҳозирда ўзкучини йўқотган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан аттестация педагог кадрлар учун ҳар беш йилда бир марта ўтказилар эди.

Шунингдек, бугунги кунда ўз кучини йўқотган Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги 107-сон қарори билан тасдиқланган Низомга биноан аттестация педагог кадрлар учун ҳар уч йилда бир марта ўтказилар эди.

107-сонли қарорда аттестация 3 йилда бир маротаба ўтказилиши белгиланган ва сиз эса 107-сонли қарор амалда бўлган вақт аттестациядан ўтгансиз.

Шундай экан амалда юридик кучга эга бўлмаган 392-сонли қарордаги ва амалда бўлган 572-сон қарордаги 5 йиллик муддат сизга нисбатан қўлланилмайди.

Чунки «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун 31-моддасига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Демак 13.05.2019 йилда кучга кирган 392-сонли қарор ва ҳозирда амалда бўлган 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарор кучга кирган кунидан бошлаб қўлланилади. Яъни ундаги 5 йиллик муддат ушбу санадан олинган малака тоифаларига нисбатан татбиқ этилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, сиздаги малака тоифасининг амал қилиш муддатига 107-сонли қарордаги 3 йиллик муддат қўлланилади.

Шу сабабли ҳам сиздан фақат ҳисоб-китобда йўл қўйилган хато оқибатидаги ортиқча тўловларни қайта ундириб олишлари мумкин.

Чунки Меҳнат кодексининг 279-моддасига биноан иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўланган, шу жумладан қонунни нотўғри қўлланиш оқибатида тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмас, ҳисоб-китобда йўл қўйилган хато оқибатидаги ортиқча тўловлар бундан мустасно.

Лекин сизда ҳисоб-китобда йўл қўйилган хато эмас. Шу сабабли сиздан қайтариб олинмайди.

Саволингизни:
@yuristgamurojaat ga қолдиринг

@yuristlar_maslahati