Get Mystery Box with random crypto!

Кеча Тошкент ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги Марказий | YURISTKADR

Кеча Тошкент ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги Марказий универмаг (ЦУМ) ёнидаги боғда олиб бориладиган қурилиш ишлари ва дарахтлар масаласида жамоатчилик билан қизғин бахсга киришибди.

Жаҳонгир ака, жамоатчиликни ва экофаолларни тўғри тушунинг. Ортиқча зардаларнинг умуман кераги йўқ, бу ерда.

Шу боғдаги қурилишга қаршилик ва дарахтларга тегилмаслиги учун аҳоли орасидан минглаб имзолар йиғилганлиги бу жуда яхши, бу жамоатчиликнинг ишлаётганлигидан ва уларнинг она табиат тақдирига бефарқ эмаслигидан далолатдир.

Тўғриси, шу томонга йўлим тушиб қолса, албатта шу боғни ичидан кесиб ўтаман, жуда қуюқ дарахтзор, жазирама ёзда жоннинг ҳузури, умуман кам сонли боғлардан бу ер.

Табиатга бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсон бу ерга бирор-бир оғир техника киришини истамаган бўларди. Негаки, гап фақат дарахтларнинг кесилишида эмас, уларга зиён-заҳмат етказмаслик ҳам алоҳида бир масала.

Яна қайтараман, бизда экофаоллар кучаяётгани, жамоатчилик уйғонаётганлиги таҳсинга лойиқ.

Яқин ўтмишда Тошкентнинг қоқ марказида Амир Темур ҳиёбонида ва Фарғона шаҳрида ва юз йиллик дарахтлар, минглаб азим чинорлар шафқатсизларча кесилиб, кунпая-кун қилинганида, энг асосий масъуллар ҳам ўз кабинетларида “пусиб ўтирган” эди.

Фарғона шаҳрини эслайлик. Шаҳардаги чинорларни қисқа вақт ичида қўпориб ташланишини ҳамма, ҳокимлардан тортиб, шу шаҳарда яшовчи ва ишга қатновчи прокурорлару-ички ишлар, табиат қўриқчилар, ҳамма-ҳамма жимгина кузатиб турган. Ўша вақтдаги вилоят ҳокими бу ишларни тепасида турмаган деб ўйлайсизми, пешонасида ура-ур бўлганку. Ҳозиргача, ким Фарғона шаҳрига борса, ўша юз йиллик чинорларни афсус билан эслайди.

Ўша вақтда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ҳамда экологик йўналишга масъул бўлган юқори раҳбарлар на Тошкентдаги Амир Темур ҳиёбони ҳудудидаги ва на Фарғона шаҳридаги кўп йиллик дарахтларни, ҳақиқий табиат меросларини сақлаб қолиш учун ақалли бир қадам ташламаган. “Оч қорним тинч қулоғим” деб жим ўтираверган. Шунинг учун ҳам ҳозир уларнинг юқори минбарлардан туриб “биз у қилдик, бу қилдик”, ёки “биз у қиламиз, бу қиламиз” десалар шунчаки энсам қотади холос.

Афсус, ўша вақтларда бугунгидек жонкуяр экофаоллар, экологик маданияти шакллана бошлаган жамоатчилик деярли мавжуд эмас эди, бунинг учун эркин муҳит ҳам йўқ эди.

Бугун эса, бизда табиатни асраш, атроф муҳитга бефарқ бўлмаган жамоатчилик шаклланаётганлиги ҳаммамизга умид бермоқда. Уларнинг умум фикри ва бирдамлиги бефаросат ва "дарахтхўр" рахбарларнинг олдида уларга қарши жуда катта куч бўла олади.

Шундай экан, ҳоким жаноблари, халққа зарда қилиш керак эмас, аксинча халқнинг зардасини кўтариш керак.

@yuristkadr